Иссиқхона хўжалигидаги инновация, тажриба ва самарадорлик

16

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари учун Тахиатош туманига пресс-тур ташкил этилди.

Унда тадбир иштирокчилари «Нукус Универсал База» масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона фаолияти билан яқиндан танишди.

– Ушбу иссиқхона 2018 йилда Корея Республикасидан олиб келинган замонавий технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, ҳозир бир гектар майдонда Япониянинг «Бетис Ф1» навли помидори етиштирилмоқда, – дейди жамият раиси Воҳид Қурбониёзов. – Иссиқхонада 3 киши доимий иш билан таъминланган. Мавсумий ишлар даврида эса 20-25 кишини иш билан таъминлаяпмиз. Ҳозир август ойида эккан помидорларимиз пишиб, республикамизда жойлашган бозорларга сотяпмиз.

Пресс-тур давомида журналистлар «Нукус Универсал База»  МЧЖ ва Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Тахиатош тумани бўлими билан ҳамкорликда иссиқхона эгалари учун помидор ва бошқа иссиқхонада етиштириладиган полиз экинларининг навларига бағишланган семинарнинг гувоҳи бўлди.

– Тахиатош туманида жами 26 гектар майдонда иссиқхоналар мавжуд бўлиб, улар қиш мавсумида ҳудуд аҳолисини арзон ва сифатли помидор, бодринг ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаб келмоқда, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг тумандаги лойиҳа офиси мутахассиси Жеткиншек Ибрайимов. – Ҳозир туман аҳолиси ўртасида иссиқхона хўжаликларида илғор тажрибаларни тарғиб қилиш, маҳсулот етиштириш самарадорлигини ошириш ва деҳқонларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида, кўргазмали семинар ўтказмоқдамиз. Бу албатта ўзининг ижобий натижасини беради деб ўйлаймиз.

Ўтказилган пресс-тур давомида журналистлар жамиятда ишловчи мутахассислар билан суҳбатлашиб, улардан тегишли жавоблар олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги