Таъзия билдириш

40

Шу йилнинг 9 декабрь куни Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, эл-юртимизнинг ҳурматига сазовор бўлган нуроний Қадирбой Нарманов 100 ёшида вафот этди.

Қадирбой Нарманов 1925 йилда Амударё туманида туғилган. 1943 йили Бухоро вилояти Когон шаҳрида ҳарбий тайёргарликни ўтаган ва ўша йилнинг ўзида Марказий фронтнинг 60-армияси артиллерия дивизиони сафида душманга қарши жангга кирган. Мард жангчи бир қатор жангларда қатнашиб, қаҳрамонликнинг юксак намунасини кўрсатган. 1944 йили жанг майдонларида орттирган оғир хасталиги туфайли фронтдан қайтарилган.

Урушдан қайтганидан сўнг ҳам жангчининг Ватан олдидаги хизматлари давом этиб, фронт ортидаги меҳнат фронтида фидокорона хизмат қилган. Урушдан кейинги ҳаётида ҳам ҳалол меҳнати, камтарлиги ва инсоний фазилатлари билан кўплаб инсонларнинг ҳурматига сазовор бўлган.

1945 йилдан 1952 йилгача Қипчоқ хўжалигида ишчи, шунингдек, фахрий нафақага чиққандан сўнг ҳам ўз меҳнат йўлини давом эттириб, 1984 йилдан 1990 йилгача истеъмолчилар жамиятида транспорт бошқарувчиси бўлиб хизмат қилган.

У камтар, самимий, фидойи ва жонкуяр инсон эди. Узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида меҳнатсевар, чуқур билимли, ишнинг кўзини биладиган моҳир ташкилотчи сифатида ўзининг бой тажрибаси, билим ва кўникмалари билан ҳурмат қозонди, кўплаб шогирдларни тарбиялади.

Азиз ва ҳурматли фахриймизнинг мислсиз қаҳрамонликларини халқимиз доимо ёдида сақлайди ва уларнинг жасоратига доимо таъзим қилиб, хотирлайди.

Қадирбой Нармановнинг ҳаёти, Ватанга бўлган садоқати ва халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти йўлида кўрсатган жасорати ҳеч қачон унутилмайди.

Марҳумнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари, яқинлари ва шогирдларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

А.Оринбаев, Ф.Эрманов, Р.Нуразизов, А.Атажанов, Р.Рахмонов, Т.Абдижаббаров, А.Данияров.