Бош қомусимиз – халқ иродаси ифодаси ва тараққиёт манбаи

Акс-садо
Бутун мамлакатимиз 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган улуғвор шиор остида катта шукуҳ билан нишонламоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу қутлуғ айём муносабати билан халқимизга йўллаган табриги, шубҳасиз, нафақат тантанали мурожаат, балки Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий ва сиёсий фалсафасини белгилаб берувчи, эришилган натижалар таҳлилига асосланган, келажакка йўналтирилган муҳим дастурий ҳужжатдир. Асосий қонунимизнинг ҳар бир моддаси мустақиллигимиз, давлат суверенитетимиз ва демократик ўзгаришларнинг кафолати бўлиб хизмат қилар экан, бугунги таҳлил мазкур фундаментал ҳужжатнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва унинг ислоҳотлар жараёнидаги ҳал қилувчи аҳамиятини янада чуқурроқ англашга хизмат қилади.
Президент табригида Конституция, аввало, ортга қайтмас демократик ислоҳотларнинг ҳамда халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак ифодаси сифатида таъкидланди. Бугунги кунда кўпмиллатли халқимизнинг хоҳиш-иродаси ифодаси бўлган Асосий қонунимизнинг қоида ва тамойиллари Янги Ўзбекистонни барпо этишда беқиёс куч-ғайрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳужжатда халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципининг амалий тасдиғига алоҳида эътибор қаратилган. Миллий парламентимизнинг ваколатлари кенгайтирилгани, илк маротаба маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидан сайланган раислар бошчилик қилаётган вилоят Кенгашларининг кучайиши, шунингдек, маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги нуфузининг тобора ортиб бораётгани – буларнинг барчаси халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлигини тасдиқлайди. Ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 1 январдан туман ва шаҳарларда ҳам ҳоким ва Кенгаш раислари вазифаларини алоҳида ажратиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши – маҳаллий даражадаги вакиллик демократиясини кучайтириш борасидаги қатъий сиёсий йўналишнинг тасдиғидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш устувор аҳамият касб этмоқда. Ислоҳотлар замиридаги инсонпарварлик ва халқпарварлик тамойиллари ўз самарасини бераётгани табрикда аниқ рақамлар билан асосланади. Хусусан, аҳоли жон бошига даромаднинг 3 минг 500 долларга етгани, камбағаллик даражасининг 6,6 фоизга туширилиши ва 1 миллион нафардан зиёд фуқаронинг камбағалликдан чиқарилиши – давлатнинг ижтимоий давлат қуриш борасидаги улкан масъулияти ва мақсадга мувофиқ фаолияти натижасидир. Бундан ташқари, таълим соҳасида эришилган натижалар – мактабгача таълимда қамровнинг 78 фоизга, олий таълимда эса 42 фоизга етказилиши мамлакатнинг инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган жиддий саъй-ҳаракатларини акс эттиради.
Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларнинг ижобий натижалари халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Бунинг тасдиғини Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 19 поғона юқорилаш ва Марказий Осиёда энг жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қайд этилиш, шунингдек, Глобал инновация индексида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бўйича кучли учликдан жой олиш каби ютуқларда кўриш мумкин. «S&P», «Fitch» ва «Moodyʼs» каби нуфузли халқаро рейтинг агентликлари томонидан суверен кредит рейтингининг оширилиши эса мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги ва инвестиция жозибадорлиги ошаётганидан далолат беради. ЮНЕСКО Бош конференциясининг сўнгги 40 йил давомида илк маротаба Париждан ташқарида, айнан Самарқандда муваффақиятли ўтказилиши, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси ва мавқеи юксалганининг ёрқин далили бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг байрам табриги, Конституция кунини нишонлаш билан бир қаторда, давлат ва жамият ҳаётида Асосий қонуннинг ҳар бир нормасини амалий фаолият мезонига айлантириш зарурлигини барча даражадаги раҳбарлар ва кенг жамоатчилик олдига энг муҳим вазифа қилиб қўяди. Бизнинг умумий мақсадимиз – ёш авлодни Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганган ҳолда, юксак онгли ва ватанпарвар фуқаролар, сиёсий тафаккур ва ҳуқуқий маданият эгалари этиб тарбиялашдан иборат.
Фақат Конституция ва қонунларга чуқур ҳурмат, пухта ҳуқуқий билим ва амалий тажриба асосидагина Ватан ва халқ олдидаги фарзандлик бурчимизни шараф билан адо этиш мумкин. Конституциянинг ҳаётбахш кучи ва бунёдкорлик салоҳияти амалда янада ёрқин намоён бўлиши учун барчамиз биргаликда, қатъий ва изчил ҳаракат қилишимиз лозим. Конституциямиз – миллий мустақиллигимиз, ғурур ва ифтихоримизнинг тимсоли бўлиб қолаверади.
Аловаддин Ғаффоров,
ЎзА