Хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросим доирасида Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор бошчилигидаги делегация, Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лун Юйсянь, Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги Саудия Арабистони компаниялари делегациясини қабул қилди.
Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашувда БААнинг “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий, “Etihad Water & Electricity” компанияси раҳбари Юсуф ал-Али ва “TAQA Water Solutions” компанияси раҳбари Аҳмад ал-Шамсий ҳам иштирок этди.
Учрашув аввалида вазир мамлакатимиз етакчисига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ҳамда Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Холид Ол Наҳаённинг саломини етказди.
Ўзбекистон – БАА дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновларнинг сони барқарор ошиб бормоқда. Лойиҳалар портфели 20 миллиард долларга етган.
Транспорт-логистика, озиқ-овқат, кон-металлургия, энергетика ҳамда бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни тайёрлаш ва илгари суриш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда энергетика соҳасида биргина «Masdar» компанияси билан Ўзбекистон ҳудудларида 1,5 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилди.
Бугун Бухоро вилоятида навбатдаги қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизими ишга туширилди, Қашқадарё вилоятида 600 миллион доллардан зиёд қийматдаги шундай иншоотлар қурилиши бошланди.
БАА компаниялари раҳбарлари Президентимизга шамол электр станцияси ва энергия сақлаш қувватлари, гидроэлектр станцияларини барпо этиш режалари ҳамда тозалаш иншоотлари қурилишининг бориши тўғрисида маълумот берди.
Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор бошчилигидаги делегация билан учрашувда Туркиянинг етакчи “Aksa Enerji” компанияси раҳбари Жамил Казанчи ва “Cengiz Enerji” компанияси раҳбари Аҳмет Чингиз ҳам иштирок этди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари, қўшма корхоналар сони, тўғридан-тўғри авиақатновлар кўпаймоқда.
Туркия компанияларининг мамлакатимиздаги самарали фаолияти, улар билан биргаликда умумий қуввати 1,8 гигаватт бўлган 1 миллиард долларлик замонавий электр станцияларини қуриш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилгани алоҳида таъкидланди.
Энергетика ва геология соҳаларида, шу жумладан, замонавий технологияларни маҳаллийлаштириш, энергетика ускуналарини ишлаб чиқариш, тақсимлаш тармоқларини бошқаришни такомиллаштириш, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштириш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов билан учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва илиқ тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги алоқалар фаол экани, товар айирбошлаш барқарор ўсаётгани ва энергетика соҳасида муваффақиятли ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Нефть ва газ соҳаси, геология-қидирув ишлари, “яшил” энергияни ривожлантириш ҳамда кимё саноатида қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев билан учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломини етказди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини, шу жумладан, энергетика соҳасида янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатлар юқори суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 17 фоизга ошиб, юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Электр энергияси барқарор етказиб берилмоқда ва транзит қилинмоқда, “яшил” энергетикада истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон етакчиси сув энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақавий аҳамиятга молик қўшма лойиҳаларни, энг аввало, “Қамбар-ота ГЭС-1”ни қуриш лойиҳасини самарали илгари суриш муҳим эканини таъкидлади.
Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лун Юйсянь билан учрашувда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Марказ мамлакатимизнинг Хитой билан кўп қиррали ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Биргаликда инфратузилмани ривожлантириш, инвестициялар ва «яшил» саноатда қатор лойиҳалар амалга оширилди. Геология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
1984 йилда ташкил этилган марказ дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакати билан маданий, илмий ва маърифий алоқалар ўрнатган. Учта халқаро ваколатхонаси мавжуд.
Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан музокаралар давомида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика соҳасида замонавий технологиялар ва муҳандислик ечимларини жорий этишга қаратилган ўзаро манфаатли кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой компанияларининг Ўзбекистонда лойиҳалар амалга оширишга қизиқиши ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Биргина жорий йилда Хитойдан 15 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган, қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели эса қарийб 90 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида энергетика соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Хитойлик шериклар иштирокида умумий қуввати қарийб 10 гигаватт, қиймати 9 миллиард доллардан ортиқ 30 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугун қўшимча равишда қарийб 2 миллиард долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилди.
“China Datang” компанияси президенти Чжоу Юаньлун билан мавжуд фотоэлектр станцияларини кенгайтириш, янгиларини қуриш ва қўшимча сақлаш қувватларини барпо этиш режалари муҳокама қилинди.
Компаниянинг кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот лабораториясини очиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда қайта тикланадиган энергия технологияларини жорий этиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
“China Energy Engineering Corporation” компанияси раҳбари Сюй Лю билан суҳбатда мамлакатимиз ҳудудларида қуёш электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини қуриш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Муқобил энергетика ва юқори кучланишли тармоқларни ривожлантириш лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
“Sinoma Energy” компанияси раиси Мэн Цинлинь шамол электр станцияси ҳамда шамол турбиналари учун парракларни маҳаллийлаштириш учун завод қурилишининг бориши ҳақида ахборот берди. Шунингдек, кимё ва қурилиш саноатида чиқиндиларни тозалаш бўйича компания таклиф этаётган технологик ечимлар юзасидан фикр алмашилди. Ушбу лойиҳаларга доир ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
“Universal Energy” компанияси бош директори Нан Йи билан мамлакатимиз ҳудудларида шамол электр станциялари қурилишини жадаллаштириш чоралари муҳокама қилинди.
“China General Technology” компанияси директорлар кенгаши раиси Кан Хубяо билан янги ишга туширилган когенерация станциясини самарали ишлатиш муҳокама қилинди. Компаниянинг Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Давлатимиз раҳбари “Poly Changda Engineering” компанияси бош директори Мяо Цзечуннинг келгуси йилда бугун ишга туширилган қуёш электр станциясининг мантиқий давоми сифатида энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича режаларини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги Саудия Арабистони компаниялари делегацияси билан учрашувда томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва устувор қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон “яшил” энергетика соҳасининг стратегик инвестори ҳисобланган “ACWA Power” компанияси билан самарали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Бугун бир нечта қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди: 752 мегаватт қувватга эга 4 та шамол электр станцияси электр тармоғига уланди, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида умумий қуввати 2,3 гигаваттни ташкил этадиган 5 та электр станцияси ҳамда 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимининг қурилиши бошланди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятини Тошкент вилояти билан ва Қорақалпоғистон Республикасини Бухоро вилояти билан боғлайдиган умумий узунлиги 1790 километрлик 500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоғини барпо этиш бошланди.
Учрашув давомида энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
ЎзА