Конституция – бахтли ва фаровон келажагимиз асоси

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Тантанали тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан самимий табриклади. Таъкидланганидек, бу йилги байрам барча жойларда кўтаринки руҳда кенг нишонланмоқда.


Асосий Қонунимиз асосида халқимиз юртимиз равнақи йўлида хизмат қилиш билан бирга, бахтли ва фаровон келажак сари мустаҳкам ишонч билан қадам қўймоқда. Конституциямиз яратиб берган имкониятлар асосида халқимиз эртанги фаровон ҳаёт йўлида қатор ютуқларга, иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида ижобий натижаларга эришмоқда.
Ўтказилган байрам тантанасида ана шундай амалга оширилаётган эзгу ишлар кенг эътироф этилди.

Шундан сўнг тадбирда халқимизга ўрнак бўлаётган «Энг намунали кўча оқсоқоллари» танлови ғолиблари муносиб тарзда рағбатлантирилиб, уларнинг ҳар бири 20 миллион сўмлик ваучер билан тақдирланди.
Байрам тадбири санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.





Қорақалпоғистон ахборот агентлиги