Қорақалпоғистонда йирик энергетика қувватлари ишга туширилди ва навбатдагиларининг қурилиши бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Унда Қораўзак туманидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев, Қўнғирот туманидан Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов ва кенг жамоатчилик вакиллари видеоалоқа орқали иштирок этди.

Янги топширилаётган ушбу йирик объектлар – қарийб 11 миллиард долларлик 42 та энергия ишлаб чиқариш, сақлаш қувватлари ва бошқа инфратузилма объектлари – мамлакатимизда амалга оширилаётган миллий энергетика тармоғи салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли стратегиянинг бир қисмидир.
Таъкидлаш жоизки, бугун ишга туширилган объектлар қаторида Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган «Шамол электр станциясини ташкил этиш» лойиҳасининг Қораўзак тумани Қўйбоқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида «Нукус-1» лойиҳаси ишга туширилди.

Умумий қиймати 107 млн. доллар, қуввати 100 Мегаватт бўлган лойиҳа доирасида, ҳар бирининг қуввати 6,5 Мегаватт бўлган 16 та шамол турбина генераторлари қурилиб, бунинг натижасида ҳар йили 350 млн. киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилди ва ўртача 100 млн. куб табиий газ сарфи тежалишига, ҳавога 180 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиларининг тарқалиши камайтирилишига эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «ACWA Power» компанияси томонидан Қорақалпоғистонда умумий қиймати қарийб 8,6 млрд. доллар бўлган инвестиция маблағлари ҳисобидан янги лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, шу куни Қўнғирот тумани студиясидан умумий қиймати 99,5 млн. доллар бўлган 2 лойиҳа ишга туширилди.
Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ маблағлари ҳисобидан лойиҳа қиймати 55,2 млн. доллар бўлган «Нефть ва газ қазиб чиқариш ва қудуқларни бурғилаш жараёнларини рақамлаштириш Э-кон лойиҳаси,» шунингдек, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ маблағлари ҳисобига лойиҳа қиймати 44,3 млн. доллар бўлган «Аккумуляторли энергияни сақлаш тизими»ни ўрнатиш лойиҳаси ишга туширилди.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 100 млн. доллар бўлган 2 лойиҳанинг яъни, «Устюрт ҳудудидаги Теренқудуқ, Байтерек, Бирқари, Харай, Қулбой ва Қорақалпоқ блокларида геология қидирув ишларини амалга ошириш» лойиҳаси ва «Мўйноқ майдони 2-сонли қидирув қудуғини ва янгидан қуриладиган 10 км газ тармоғини ишга тушириш» лойиҳаларининг қурилиш ишларига старт берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги