Замонавий талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди

5

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллик байрами кенг тарзда нишонланаётган ушбу кунларда республикамиз ҳудудларида халқимизнинг фаровон турмушида яшашга хизмат қиладиган кўплаб янги ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилиб, бу кенг жамоатчилигимизни чексиз қувончга тўлдирмоқда.

Шундай катта янгилик Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳаётида юз берди. Хусусан, ушбу ўқув даргоҳида янги қурилган 400 ўринли талабалар турар жойи тўлиқ битказилиб, у ёшларимиз манфаати учун фойдаланишга топширилди.

Янги қад ростлаган замонавий талабалар турар жойининг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини кенг таъкидлади ва янги объект фойдаланишга топширилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда таълим соҳасига, жумладан, ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мана шундай эзгу ишлар қаторида олий ўқув юртлари сони ортиб, ҳар йили қорақалпоғистонлик ёшларга қўшимча квоталар ажратиб берилмоқда. Бу ўз навбатида, ёшларимиз орасидан илғор фикрли, мамлакатимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган ёшларнинг етишиб чиқишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Умумий 30,5 млрд. сўм маблағ билан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган янги, барча қулайликларга эга 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши мана шу йўналишдаги тадбирларнинг амалий кўриниши ҳисобланади.

Тантанали тадбир давомида бино олдига тортилган анъанавий лента кесилиб, тадбир иштирокчилари янги турар жойда талаба ёшлар учун яратилган қулай шароитлар билан яқиндан танишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги