АҚШ компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг “Cerberus Frontier” компанияси бошқарув директори Михеил Нибладзе бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Дастлаб меҳмонларга IT Park томонидан Ўзбекистондаги рақамлаштириш жараёнлари ва АТ-фазода амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бўйича тақдимот намойиш этилди. Тақдимотда стартап экотизими, IT кадрлар тайёрлаш тизими, халқаро компаниялар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Учрашув давомида томонлар мамлакатимизда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, телекоммуникация бозорида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, меҳмонлар Senior’s Capital Management доирасида “Cerberus Frontier” ва “Unitel Group”нинг биргаликдаги тажрибаси, шу жумладан, Грузия ва Мўғулистонда амалга оширган лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
Вазир мамлакатимизда аҳоли сонининг тез суръатларда ўсиб бориши, IT ва телеком соҳаларида яратилган имкониятлар, солиқ имтиёзлари, қулай бизнес муҳит ва инфратузилманинг изчил кенгайиб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Учрашувда инфратузилма алмашинуви, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, шунингдек IT Park томонидан таклиф этилаётган қулайликлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Таъкидланишича, мулоқот келгусида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, янги технологик ечимларни жорий этиш ва иқтисодиётнинг рақамли секторида янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА