Божхона: коррупциясиз тизим учун қадамлар
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ва ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.
Тадбир давомида божхона органларида ҳам коррупцияга қарши курашишда ишлар жадал олиб борилаётганлиги, божхона назорати ва расмийлаштириш жараёнлари автоматлаштирилаётганлиги, махсус янги дастурлар ишлаб чиқилиб, инсон омили кескин қисқартирилганлиги таъкидланди.

Коррупция порахўрлик, ижтимоий истеъмол учун мўлжалланган товарлар ва хизматларни ноқонуний ўзлаштириш, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик каби кўринишларга эга.
Маълумотларда қайд этилганидек, бошқарма ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида тамагирлик, порахўрлик, хизмат ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятларнинг ва бошқа салбий қонунбузилиш ҳолатларининг содир этилишининг олдини олиш бўйича 121 маротаба умумий профилактик йиғилишлар ўтказилган. 104 нафар ходим билан якка тартибдаги тарбиявий-профилактик суҳбат, 27 марта яширин текширувлар ўтказилган. Содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари ва фуқароларнинг мурожаатларига асосан 16 маротаба хизмат текшируви ўтказилган.
Божхона соҳасини коррупциядан холи тизимга айлантириш йўлида, божхона ходимининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунга қадар ҳудудий бошқарманинг 3 нафар ходимига ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадал учун 25 фоиз миқдорида субсидия пуллари ажратиб берилган. 2 нафар ходимга уй-жой сотиб олиш ва реконструкция қилиш учун 600 миллион сўм миқдорида ссуда ажратилган. 5 нафар ходимга 14 фоизлик ипотека кредитлари олишларида амалий ёрдам кўрсатилган. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилган бўлиб, жами 31 нафар ходимнинг фарзандлари қўшимча квота асосида давлат олий таълим муассасаларининг талабаси бўлган.
Бу борадаги учрашувлар давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги