Янгиланган Конституция – халқ иродасининг ифодаси

Муносабат
Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган туб ислоҳотлар, “Инсон қадри учун” тамойилига таянган давлат сиёсати Конституцияда ўз аксини топди. Бош қомусимизни янгилаш жараёни бевосита халқимиз иштирокида ўтгани, унинг ҳар бир моддасида кенг жамоатчилик фикри инобатга олингани – бугунги демократиянинг муҳим ютуғидир.
Конституциямизнинг 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон — инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши; «одамлар ташвиши билан яшаш», халқимизнинг қонуний талаб-истаклари ва хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ғояси давлатимизнинг бутун ички ва ташқи сиёсатининг тамал тошига, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига ҳамда ушбу эзгу саъй-ҳаракатларни ўзаро боғлаб турувчи муҳим омилга айланди. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 115-моддасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, 49-моддасида эса ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш белгиланган. Давлатнинг барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, шунингдек, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чораларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари ҳам шулар жумласидандир.
Бош қомусимизда хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги, инвестицияларнинг қонуний ҳимояси тўлиқ кафолатланган. Бу – мамлакатимизда иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари, инновацион лойиҳалар ва инвестицион муҳитни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос ҳисобланади.
Депутат сифатида ишонч билан айта оламан: Конституция – бу фақат ҳужжат эмас, балки келажак авлод олдидаги масъулиятимиз, Ватан тараққиётининг ҳуқуқий харитасидир. Унда белгилаб берилган ҳар бир қоида, ҳар бир тамойил юртимизнинг эртанги куни, аҳолимиз фаровонлиги, ёшлар имкониятлари учун хизмат қилади. Шу маънода 8 декабрь – нафақат байрам, балки Бош қомусимизга, унинг ҳаётимиздаги ўрнига, юрт равнақи учун тутган аҳамиятига чуқур баҳо бериш, қонунларга ҳурматни янада мустаҳкамлаш кунидир. Унда ҳар бир инсоннинг қадрини улуғловчи, адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи, иқтисодий эркинликни қўллаб-қувватловчи нормалар қатъий мустаҳкамланган.
Шу жиҳатдан, Конституциядаги ҳар бир модда – ислоҳотлар амалга ошиши, жамият фаровонлиги ва келажак авлод тарбияси учун қўйилган ҳуқуқий пойдевордир.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги