Сенатда «Конституция ойлиги» доирасида очиқ эшиклар куни ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида «Конституция ойлиги» муносабати билан «Очиқ эшиклар куни» тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбир 8 декабрь – Конституция куни арафасида аҳолининг конституциявий маданиятини юксалтириш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ва талабалари иштирок этиб, Сенат фаолияти, қонунчилик жараёнлари ва конституциявий нормаларнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси депутатлари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида Қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишнинг долзарб масалалари юзасидан очиқ мулоқот ва фикр алмашинув бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари парламент юқори палатаси фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Тадбирда талаба-ёшларга қонун ижодкорлиги фаолияти ва мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбир давомида талаба ёшлар Қонунчилик палатасининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан таништирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги