Психиатрияда мажбурий ётқизиш тартиби муҳокама қилинди

2

Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан аҳоли саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим мавзулардан бири — шахсни мәжбурий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ва бу жараённинг ҳуқуқий механизмларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш муассасалари, прокуратура, ички ишлар органлари, “Адолат” социал демократик партияси вакиллари,  Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда туманлараро судлар судьялари иштирок этди.

Семинар ишини Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари А.Керимбаев очди ва бошқариб борди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда шахсни мажбурий тартибда психиатрия муассасасига ётқизиш жараёни нафақат тиббий, балки ҳуқуқий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, бу борада суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, электрон ҳужжат алмашинувини такомиллаштириш ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш устувор масалалардан бири сифатида белгиланди.

Семинарда маърузачилар томонидан шахсни мажбурий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ишлари судларда қандай тартибда кўриб чиқилиши ва бу жараённинг ўзига хос ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишича, бундай ётқизиш тиббий ёрдамнинг махсус тури бўлиб, фақат шифокорларнинг хулосаси ва қонуний асослар мавжуд бўлганда амалга оширилади. Суд томонидан ишлар ўн кунлик муддатда, қонуний вакил, шифокор-психиатр, прокурор ва муассаса вакиллари иштирокида кўриб чиқилади.

Семинар давомида иштирокчилар, айниқса, тиббиёт муассасалари вакиллари маърузачиларга кўплаб саволлар билан мурожаат қилиб, улар кенг тарзда муҳокама қилинди. Муҳокамалар асосан амалдаги тартибларни такомиллаштириш, идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш механизмларини янада шаффоф қилиш масалаларига қаратилди.


Тадбир якунида жамоат хавфсизлиги, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги