Конституция кунига бағишланган “Сиз қонунни биласизми?” мавзусида танлов бўлиб ўтди

65

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида тарих факультетининг тарих, миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишларининг 1-курс талабаларидан тузилган жами 7 та жамоа Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Сиз қонунни биласизми?” танловида ўзаро беллашди.

Тадбирда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров иштирок этиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами билан табриклади ва иштирокчиларга омад тилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда талаба-ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, ҳуқуқий саводхон, мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш, инсониятга ёт иллатларга қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, шунингдек, ёшларнинг янгиланган Конституция бўйича билимларини баҳолаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танловда “Ёш демократлар”, “Ёш прогресслар”, “Адолат”, “Юстиция”, “Фемида”, “Демократлар”, “Турон” жамоалари саломнома, савол-жавоб ва саҳна кўриниши каби шартлар бўйича ўзларининг конституциявий билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.

Жамоаларнинг ҳар бир шарт бўйича саҳна чиқишларини, саволларга берган жавобларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб борди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Барча иштирокчи жамоаларга институт ректорати, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан диплом ва совғалар топширилди.

– Бугун институтимизда бош қомусимизнинг қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилган маърифий учрашув ёрқин ва эсда қоларли бўлди. Устозларимиз ва меҳмонлар Конституция ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида жуда қизиқарли ва фойдали фикрларни билдирдилар. Бу эса бизга бош қомусимизда акс этган ҳуқуқларимизни яна бир бор англаш имконини берди, – дейди Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишининг 1-курс талабаси, танлов ғолиби Гулбаҳор Юсупбекова.

Институтда Конституция кунига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги