Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди

7

Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзлади.

–Биз электр энергияси генерацияси йўналишидаги ислоҳотларимиз натижасида соҳага хорижий сармояларни давлат-хусусий шериклик асосида тўғридан-тўғри жалб этишда катта тажриба орттирдик.

Жорий йилдан нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам хусусий шериклик тамойилларини қўллашни бошладик, – деди Президентимиз.

Хусусан, Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича Туркиянинг “Aksa elektrik” компанияси билан келишувга эришилгани маълум қилинди.

Ушбу компания лойиҳа доирасида тармоқни операцион бошқарувга олиб, инвестиция киритади, тармоқларни модернизация қилади, йўқотишларни босқичма-босқич икки баробарга камайтиради. Натижада ҳар йили ўртача 20 миллион доллар тежалади.

Шундай тажриба асосида келгуси йилда Жиззах ва Сирдарё, 2027 йилда Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқлари бошқаруви ҳам инвесторларга таклиф этилади.

ЎзА