Конференция иштирокчилари Хўжайлидаги тадбиркор аёлларнинг ишлари билан танишди

Сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг ҳунар эгаллаб, муайян касб эгаси бўлиши учун уларнинг билимларини ошириб, жамиятда ўз ўрнини топишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Натижада хотин-қизлар орасида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган таниқли бизнес вакиллари етишиб чиқиб, улар Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан юртимизда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, яхши натижаларга эришмоқда.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган «Аёллар учун беқиёс имкониятлар: Қорақалпоғистон тажрибаси» мавзусидаги республика конференцияси доирасида ҳам республикамиздаги тадбиркор аёллар учун яратилган имкониятлар амалда ўз ифодасини топиб, унда тадбиркор аёллар ўз маҳсулотлари ва меҳнатларининг самаралари билан иштирок этди.
Тадбирда 300 нафардан зиёд фаол хотин-қизлар ва Тошкент шаҳридан масъуллар иштирок этди.
Уч кун давом этган тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари М.Аҳмедовалар ҳамда анжуман иштирокчилари Хўжайли туманида бўлди. Тадбир иштирокчилари тумандаги «Маданият» маҳалласидаги «Cake Bumer» МЧЖ асосчиси М.Мамутованинг хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича тажрибаси ва «Cake Bumer» бренди остида ишлаб чиқарилаётган 100 га яқин маҳсулот турларининг тайёрланиш жараёни билан танишди.
Шундан сўнг «Саманкўл» маҳалласидаги «Оила ва хотин-қизлар маскани»да бўлиб, хотин-қизларга қаратилаётган имкониятлар асосида бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Маскан жамиятда оилавий қадриятларни асраш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва ёшларни эркин ҳаётга пухта тайёрлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади. Шу билан бирга меҳмонлар марказда хотин-қизларга оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш каби устувор вазифалар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиб, ушбу ташаббусларни юқори баҳолади.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари «Lider Group» корхонаси фаолияти билан танишиб, «Яшил макон» акциясида иштирок этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги