Энергетика вазирининг ахбороти эшитилади
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумида электр тармоқларидаги узилишларни бартараф этиш долзарб масала ҳисобланади. Мазкур йўналишда Қонунчилик палатасига аҳоли вакилларидан бир қатор мурожаатлар келиб тушмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудовнинг “Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда энергетика соҳасини жадал ривожлантириш, энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор, узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларга чиқиб ўрганишлар жараёнида истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш билан боғлиқ айрим масалалар кузатилмоқда.
Депутатлар томонидан энергия таъминотидаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, соҳага жорий этилаётган янгиликлар, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини муҳокама қилиш лозимлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, энергетика вазирининг ахборотини эшитиш бўйича қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА