«Имкониятни ўзимиз яратамиз!» танлови ўтказилди

78

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Нукус шаҳрида «Имкониятни ўзимиз яратамиз!» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика кафедраси қошида ташкил этилган «Ёш журналистлар клуби,» Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва «MY BEE» илмий-маърифий маркази масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган танловда олий таълим муассасалари талаба-ёшлари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

Улар жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳаёти, уларга яратиб берилган шарт-шароитлар, турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларини акс эттирувчи «Энг яхши видеоролик,» «Энг яхши сурат,» «Энг яхши илмий мақола» ва «Энг яхши ҳикоя» номинациялари бўйича ўз ижодий ишларини синовдан ўтказиб, ўтказиб, унда барча номинация бўйича ижтимоий тармоқ орқали энг кўп овозга эга бўлган ғолиблар аниқланди.

Жумладан, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти магистранти Шахсанем Қалжанова «Энг яхши видеоролик,» Нукус шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулрух Ғанибаева «Энг яхши сурат,» Қорақалпоқ давлат университети юридик факультети талабаси Ўғилхон Базарбаева «Энг яхши илмий мақола,» ушбу университетнинг қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабаси Дилноза Караматдинова «Энг яхши ҳикоя» номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Довуд Абибуллаев, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири Нурлан Кишонов йиғилганларни байрам билан табриклаб, мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларга тўхталди.

Ғолиблар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, «MY BEE» илмий-маърифий маркази масъулияти чекланган жамияти томонидан кўкрак нишони, статуэтка, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, бундан ташқари ногиронлиги бўлган болаларга «MY BEE» илмий-маърифий маркази масъулияти чекланган жамиятининг совғалари топширилди.

Тадбир санъаткорлар ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ижро этилган қизиқарли концерт дастури билан давом этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи