Туркия ва Саудия билан ҳамкорликда янги имкониятлар эшиги очилмоқда

54

Ўзбекистон делегациясининг яқинда Туркияга ва ундан сўнг Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифлари мамлакатнинг маърифий дипломатияси, илмий ҳамкорлик ва маданий мерос тарғиботида муҳим ўрин тутади. Ушбу сафар давомида ўзбекистонлик олимлар бир қатор нуфузли халқаро йиғилишлар, учрашувлар ва тақдимотларда иштирок этиб, миллий меросимизни жаҳон илмий ҳамжамиятига янада кенг таништирдилар.

Делегация ташрифининг асосий тадбири Истанбулда бўлиб ўтган, Туркия Миллий саройлар бошқармасининг 100 йиллигига бағишланган халқаро симпозиум бўлди. Ушбу нуфузли анжуман музей иши, маданий меросни сақлаш ва замонавий экспозиция ёндашувларига бағишланди.

Очилиш маросимида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг видеомурожаати намойиш этилди. Шунингдек, вице-президент Жевдет Йилмаз, Миллий саройлар директори Ясин Йилдиз ва бошқа расмийлар сўзга чиқиб, тарихий меросни асраш бўйича олиб борилаётган ишларнинг аҳамияти борасида сўзладилар. Мазкур тузилманинг шаклланиши 1925 йилда Мустафо Камол Отатуркнинг ташаббуси билан Усмонийлар саройларининг давлат тасарруфига ўтказилиши билан боғлиқ эканлиги таъкидланди.

Симпозиумда Ўзбекистондан Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳолиқов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи раҳбари Жаннат Исмоилова, “ЎзАрхив” агентлиги директори ўринбосари Шерзод Содиқов ҳамда илмий ходим Насриддин Мирзаев ҳам ўз маърузалари билан қатнашдилар. Улар мамлакатимизда маданий меросни асраш ва уни жамоатчиликка етказиш, шу билан биргаликда, илмий тадқиқотларни ривожлантириш борасидаги ютуқлар ҳақида сўз юритдилар.

Симпозиум доирасида Ўзбекистон номидан тақдимот қилган Фирдавс Абдуҳолиқов Марказ фаолияти, унинг мақсад ва вазифалари, замонавий технологиялар асосида яратилган экспозициялар ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошчилик қилинган маърифий лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, Марказнинг асосий вазифаси — ислом маърифати, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ва ўзбек цивилизациясининг жаҳонга қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилишдан иборат. Шунга кўра янада жонли ва ёрқин тасаввур ҳосил бўлишини таъминлаш мақсадида экспозициялар сунъий интеллект ёрдамида бойитилиб, буюк аждодлар сиймолари интерактив усулда жонлантирилмоқда.

 

Тадбирда Марказ фаолиятига бағишланган,  охирги йиллардаги илмий изланишлар, халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар ва замонавий музеология бўйича амалга оширилган ишлар акс этган видеоролик намойиш этилди.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилованинг таъкидлашича, Туркия сафарида турк музейлари ва кутубхоналаридаги ўзбек тарихига оид нодир экспонатлар билан танишиш икки халқнинг тарихий илдизлари муштараклигини яна бир бор исботлайди.

Сафар давомида делегация ИРСИКА раҳбари Маҳмуд Эрол Қилич билан учрашди. У Ўзбекистоннинг ислом меросини асраш бўйича 57 давлат орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келаётганини таъкидлади. Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRSICA) томонидан эса Ўзбекистондаги маънавий-маърифий ислоҳотлар ҳақидаги махсус фото-фактлардан иборат китоб тайёрланаётгани, унда сўнгги йилларда амалга оширилган йирик лойиҳалар акс эттирилиши маълум қилинди.

Шу билан биргаликда, Делегация Истанбулдаги Суқаймония кутубхонаси қўлёзмалар фонди билан ҳам танишдилар. Туркия Қўлёзмалар агентлиги раҳбари Жошқин Йилмаз ушбу кутубхонада 200 мингдан ортиқ қўлёзма сақланиб, уларнинг салмоқли қисми Ўзбекистон тарихига оид манбалар эканлиги, Ўзбекистон ва Туркия мутахассислари қўлёзмаларни тадқиқ қилиш бўйича кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилб келаётганини қайд этди.

Туркиядаги учрашувлардан сўнг, Фирдавс Абдуҳолиқов Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига йўл олди. Ташриф Бош котиб таклифига биноан Бирлашган Ислом Лигаси(Muslim World League)га амалга оширилди.

Маккада МWЛ томонидан ишга туширилган янги электрон платформанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа исломий меросни рақамлаштириш, илмий ҳамкорликни глобал даражада кучайтириш ва ислом цивилизацияси тадқиқотларини дунё миқёсида кенг тарғиб қилишни кўзда тутган.

Шунингдек, Абдуҳолиқов МWЛ Бош котиби Абдулкарим ал-Исса билан учрашувда рақамлаштириш, қўшма илмий тадқиқотлар, кўргазмаларни ташкил этиш ва конференциялар ўтказиш, ҳамда мутахассис алмашиш бўйича истиқболларни муҳокама қилди. Томонлар стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бир сўз билан айтганда, Истанбулдаги учрашувлар қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, музейлар билан ҳамкорлик ҳамда маданий меросни сақлаш йўналишида янги имкониятлар очиб берган бўлса, Маккадаги музокаралар рақамли платформалар орқали глобал исломий меросни тарғиб этишнинг янги даврини бошлаб берди.

Мазкур ташрифлар Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини дунёга танитиш, маънавий-маърифий дипломатияни ривожлантириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича узоқ муддатли стратегиясининг муҳим босқичларидан бири бўлиб тарихда қолади.

М.Эшмирзаева, ЎзА