Фуқароларимиз акция доирасида савобли ишда фаол иштирок этмоқда

Нукус шаҳридаги Республика қон қуйиш станциясида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг «Бар меҳримиз сизга болажон!» шиори остидаги беғараз донорлик акцияси ўтказилди.
Донорлик тартиби бўйича акцияга савобли ишга қатнашишни хоҳловчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қайпбергенов ва партия ходимлари, депутатлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, ушбу акцияни ташкил этишдан асосий мақсад – тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлиғини сақлаш, юртимизда беғараз ёрдам кўрсатиш муҳитини кучайтириш орқали ихтиёрий равишда савобли ишга қатнашишни хоҳловчи замондошларимизни беғараз қон топширишга чақириш, тарғибот-ташвиқот ишлари орқали касаллиги бор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, халқимиз орасида инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишдир.
– Мен Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида ўқияпман. 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилаётган ушбу акцияда бирга ўқиётган талаба дўстларим билан бирга келдим. Ихтиёрий равишда қон топширяпмиз. Турли ҳолатлар билан муҳтож бўлиб турган инсонларга бизларнинг ҳам ёрдамимиз теккан бўлса, бундан жуда хурсандмиз, – дейди Ч.Аҳмедова.
Акция доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги