Конституция – халқ эркинлиги ва фаровонлиги асоси

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қошқарбай Содиқов ва Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим прокурори Низомбек Юлдашев, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тантанали кеча Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди.
Тадбирни филиал директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Гулмурат Хўжаметов кириш сўзи билан очиб берди.
Унда сўзга чиққан соҳа вакиллари филиал жамоасини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги билан самимий табриклаб, мамлакатимизнинг жаҳон сиёсий майдонида мустақил давлат сифатида ўз ўрнига эга бўлиши, ривожланиш йўлини белгилаб, йилдан-йилга нуфузининг ортиб бориши бевосита бош қомусимизга боғлиқ эканлигини таъкидлади. Айниқса, халқ фаровонлигини таъминлашда – Конституциянинг ўрни ва аҳамияти юксаклиги, мамлакат келажаги ушбу ҳужжатда ўз аксини топганига тўхталди.

– Бугун юртимизда юз бераётган янгиланишлар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида эришаётган ютуқларимизнинг барчаси Конституцияда кўрсатилган асосий принципларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши билан боғлиқ, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қўшқорбой Содиқов. – Асосий қонунимиз ўзининг чуқур ўйланган принцип ва қоидалари билан ажралиб, мамлакатимиз тақдирини, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжатдир.
Тантанали байрам тадбири филиал талабалари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи