Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш самарадорлиги оширилмоқда

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Аниқ фанлар факультетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва ундан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда факультет декани ўринбосари Халмурат Есемуратов, институт профилактика инспекторлари Адилбай Мамбетшерипов, Мийригул Наримбетова, шунингдек, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар республикамизда гиёҳвандликка қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати, фармоннинг асосий йўналишлари ва ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш борасидаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди.




Учрашув давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари, унинг шахс, оила ва жамиятга келтирадиган зарарли таъсири, наркожиноятларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар таъкидланиб, соғлом турмуш тарзининг аҳамияти тушунтирилди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг бошқа турларининг олдини олиш, талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш каби куннинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Наркожиноятлар профилактикаси бўйича тайёрланган видеофильм иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги