Сунъий интеллект бўйича кадрлар тайёрлаш янги босқичга чиқади

51

Ҳуқуқий муносабат

Сўнгги йилларда сунъий интеллект технологиялари тез суръатлар билан ривожланиб, нафақат иқтисодиёт ва илм-фан, балки ҳуқуқий муносабатлар соҳасида ҳам янги талаб ва тартибларни шакллантирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 октябрдаги фармони эса сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни тартибга солиш ва масъулиятни аниқлаш бўйича муҳим ўзгаришларни назарда тутади.

Бу фармоннинг асосий мақсади нима ва у ҳуқуқий муносабатларга қандай таъсир кўрсатади?

Бу борада Тошкент давлат юридик университети “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси ўқитувчиси Умида Бекмирзаева қуйидагича тушунтириш берди:

–Президентимизнинг “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда рақамли трансформация жараёнини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

У сунъий интеллект технологияларини жадал жорий қилиш, маъмурий жараёнларда инсон омилини камайтириш ва технологик тараққиётни тезлаштиришга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги аввалги манба 2024 йил 14 октябрда тасдиқланган “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” билан бошланган ислоҳотлар мантиқан давом этди.

Фармон ушбу стратегик йўналишни аниқ мақсадлар ва амалий механизмлар билан мустаҳкамлайди. Энг аввало, 2026 йил охиригача давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада камида 100 та сунъий интеллект лойиҳасини жорий этиш, 2030 йилгача эса инфратузилмани ривожлантириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактаблар ва олий таълим муассасаларининг дарсликларига сунъий интеллект бўйича махсус мавзулар киритилиши, 2026 йилга қадар эса 15 та сунъий интеллект лабораторияси ишга туширилиши кўзда тутилган.

Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири сунъий интеллект учун мустаҳкам институционал экотизим яратиш. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида давлат органлари, тадбиркорлар, илмий доиралар ва чет эллик экспертларни бирлаштирувчи Маслаҳатлашув кенгаши тузилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб сунъий интеллект технологияларини ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажбурий тартибда экспертиза қилинади. Криптоактивлар, электрон тижорат, суғурта, қимматли қоғозлар ва блокчейн тизимларида сунъий интеллект жорий этиш учун ҳам алоҳида тартиблар белгиланади. Бу, айниқса, бозор иқтисодиёти механизмларида сунъий интеллектнинг хавфсиз ва масъулиятли қўлланилишини таъминлайди.

Фармон сунъий интеллект бўйича кадрлар тайёрлашни тубдан янги босқичга кўтаради. Мактабларда “Сунъий интеллект куни” жорий қилинади, “Информатика” дарсликларига сунъий интеллект асослари қўшилади, “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури йўлга қўйилади. 2026 йилдан “Янги Ўзбекистон” университети негизида Сунъий интеллект кластери ташкил этилиб, илм-фан, саноат ва халқаро ҳамкорлик интеграциялашган ҳолда кадрлар тайёрланади.

Яна бир улкан вазифа — ўзбек тилидаги сунъий интеллектни ривожлантириш. 2026 йил якунига қадар 15 миллиард параметрлик “Ўзбек тили корпуси” яратилади ва камида 5 та йирик тил моделига интеграция қилинади. Бу ўзбек тилининг рақамли макондаги мавқеини кескин оширадиган тарихий қадам бўлади.

Умуман олганда, фармон Ўзбекистоннинг сунъий интеллект сиёсатини стратегик даражадан амалий босқичга ўтказмоқда. У рақамли иқтисодиёт, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, гидрология, транспорт, энергетика каби соҳаларда сунъий интеллект ечимлари кенг жорий қилинишини, янги стартаплар экотизими шаклланиши, инвестицион жозибадорликнинг ошиши ва энг муҳими, ёш авлоднинг глобал технологик жараёнга фаол қўшилишини таъминлайди.

Гулноза Бобоева,

ЎзА