Ташрифдан натижагача – ҳудудий ривожланишнинг янги модели

17

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт тамойиллари асосидаги ислоҳотларнинг сиёсий мақсади – ҳудудларни иқтисодий жиҳатдан мустақил, инновацион жиҳатдан рақобатбардош ва аҳоли учун муносиб ҳаёт шароити яратилган марказларга айлантиришдан иборат. Сўнгги йилларда Жиззах вилоятида амалга оширилган кенг қамровли саноатлаштириш ва инфратузилмани модернизация қилиш дастурлари мазкур стратегиянинг ўзига хос “амалий лабораторияси” бўлди.

2025 йилги ижро натижалари шуни кўрсатмоқдаки, вилоят иқтисодиётида туб сифат ўзгаришлари юз берган. Қисқа муддатда “ташрифдан – ташрифгача” бўлган ижро интизоми самараси ўлароқ, Жиззах аграр ҳудуд мақомидан индустриал-аграр ривожланишнинг етакчи минтақалари қаторига кўтарилди. Таҳлилларга кўра, Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида умумий қиймати 662 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 200 дан ортиқ лойиҳаларнинг ишга туширилиши – бу ҳудудий инвестицион сиёсатнинг нақадар самарали эканини исботлайди. Бироқ, бу жараённинг стратегик моҳияти рақамларда эмас, балки Зомин технопарки мисолида акс этади.

Зомин технопарки давлат сиёсий иродасининг ижроси сифатида 400 гектар майдонда, Хитойнинг йирик компаниялари билан ҳамкорликда 1 миллиард 200 миллион долларлик 31 та йирик лойиҳани ўз ичига олди. Бу нафақат инвестиция оқими, балки юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни локаллаштириш сиёсатининг амалий ифодасидир. “Artel Electronics”, “Climate Ease” (Midea) каби компанияларнинг совутгич, кир ювиш машиналари ва бошқа маиший техника турларини ишлаб чиқаришга киришиши Жиззахни Ўзбекистондаги электротехника саноатининг асосий хабига айлантирмоқда. Бундай йирик ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши орқали 140 миллион долларлик экспорт салоҳияти ва 7 минггача янги иш ўринларининг яратилиши кўзда тутилгани ислоҳотларнинг иқтисодий-ижтимоий заминини мустаҳкамлайди.

Иқтисодиётнинг яна бир устувор йўналиши – қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини тежайдиган инновацион технологияларнинг жорий этилиши ва кластер тизимининг чуқурлаштирилиши ўзининг тарихий самарасини берди. Ғаллакорлар режани 101,1 фоизга бажариб, 243 минг тоннадан зиёд ҳосил етиштиришди. Мазкур даврнинг энг муҳим аграр ютуғи – бу пахтачиликда кузатилган рекорд натижалардир. Бир қатор фермер хўжаликларида ҳар гектардан 90 центнердан ортиқ пахта ҳосилининг олиниши – Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган кўрсаткичдир. Бу натижалар қишлоқ хўжалиги сиёсатининг илмий ёндашувга ва юқори самарадорликка асосланганлигини тасдиқлайди. Қолаверса, ғалладан бўшаган майдонлардаги такрорий экиндан 45 центнердан пахта ҳосили олиш амалиёти ердан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширган ҳолда, аҳоли даромадларининг барқарор ўсишига замин яратди.

Давлат инвестициялари ҳисобига амалга оширилган инфратузилмавий лойиҳалар вилоят иқтисодиётини диверсификация қилишда ҳал қилувчи рол ўйнади. Арнасой туманидаги янги аэропорт қурилишининг якунланиши Жиззахнинг транспорт-логистика салоҳиятини оширган бўлса, “Aydarko‘l Resort” экотуризм мажмуасининг очилиши минтақанинг туризм географиясини кенгайтирди. Натижада, вилоятга 500 мингдан ортиқ хорижий сайёҳнинг ташрифи таъминланиб, туризм хизматлари экспорти 75 миллион доллардан ортиқ кўрсаткичга етди. Бу, хизматлар соҳаси ҳажмининг республика ўртача кўрсаткичидан юқори даражада ўсиши билан биргаликда, вилоят иқтисодиётининг фақат саноат ва қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлмаган барқарорлигини кафолатлайди.

Таҳлил қилинган натижалар Жиззах вилоятидаги ислоҳотларнинг тизимли, изчил ва сиёсий иродага таянган ҳолда амалга оширилганини кўрсатади. Инвестициялар оқимининг кўпайиши, замонавий технологияларнинг жорий этилиши ва янги иш ўринларининг яратилиши вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқди.

Аҳолининг ўртача даромади йилдан йилга ўсаётгани иқтисодий сиёсатнинг пировард мақсади – “Инсон қадри учун” тамойилининг моҳиятини амалда исботлайди Зоминда барпо этилаётган йирик электротехника ва саноат мажмуалари, қишлоқ хўжалигидаги рекорд натижалар келгусида нафақат вилоят, балки бутун Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил Жиззах вилояти учун том маънода юксалиш йили бўлди. Президент ташрифлари чоғида белгиланган вазифаларнинг тизимли ижроси ҳудудни хомашё базасидан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрловчи замонавий саноат хабига айлантирди. Жиззах тажрибаси шуни кўрсатадики, хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, илғор технологияларни маҳаллийлаштириш ва инфратузилмани модернизация қилиш орқали қисқа муддатда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш мумкин.

Абдужалол Қаюмов,

ЎзА