Ўрмон хўжалиги имкониятларидан фойдаланиш кенгаймоқда

22

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси тизимидаги давлат ўрмон хўжаликлари ўзларига бириктирилган вазифалар доирасида, хўжаликлар кесимида асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик ва саноат маҳсулотларини етиштириш, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва тайёрлаш, манзарали ва мевали дарахтларнинг кўчатларини етиштириш, республиканинг тупроқ-иқлим шароитларига тўлиқ мослашган ноёб манзарали, мевали дарахт, бута ва доривор ўсимликларни экиш, парваришлаш, ҳосилини йиғиб-териб олиш ва бошқа агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича ишларни  ташкил этади.

Биз Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раисининг ўринбосари Ернияз Акимниязов билан суҳбатлашиб, бу ишлар ҳақида қизиқтирган саволларимизга жавоб олдик.

– Ўрмон хўжалиги қўмитаси тизимидаги давлат ўрмон хўжаликлари томонидан назоратга олинган ерлар ҳақида маълумот берсангиз.

– Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси тизимидаги ўрмон хўжаликларининг умумий ўрмон фонди ер майдони 1 миллион 827 минг 750 гектар бўлиб, шундан ўрмон билан қопланган ер майдони 869 минг 475 гектарни ташкил этади. Ўрмон хўжалиги қўмитаси тизимида 11 та давлат ўрмон хўжалиги, 2 та ихтисослаштирилган ўрмон хўжалиги, 1 та махсус ўрмон хўжалиги фаолият юритмоқда.

Бу ерларда ўрмон майдонларини кенгайтириш, кўчат етиштириш, доривор ўтларни йиғиш, чорва моллари учун яйлов ажратиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриши туфайли минтақада юзага келган экологик вазиятни юмшатиш мақсадида денгизнинг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15-16 ноябрдаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Орол денгизининг суви қуриган тубида яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорларини экиш бўйича берилган топшириқлари ва Ҳукумат қарорларига асосан Орол денгизининг суви қуриган майдонларида 2018-2025 йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу кунга қадар 1 миллион 292 минг гектар майдонда ер тайёрлаш ишлари олиб борилди. Орол денгизининг суви қуриган майдонларида жами 1 миллион 937 минг гектар, шундан 83,2 минг гектар ерга кўчатдан, 1 миллион 853 минг гектар майдонга уруғдан «яшил қопламалар» – ўрмонзорлар барпо этилди.

Бу ишлар учун жами 7847 тонна чўл ўсимликларининг уруғлари йиғиб олиниб, экиш ишларига сарфланди. Жорий мавсумда ўрмонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 413 тонна чўл ўсимликлари уруғлари, шундан 124,2 тонна саксовул, 228,8 тонна қарабарақ чўл ўсимликлари терилди.

Бундан ташқари, жорий мавсумда 71,9 минг гектар майдонда чўл ўсимликларининг уруғи ва кўчатидан экиш ишлари амалга оширилди.

Шундан уруғдан 71 минг гектар (шундан самолёт ёрдамида 52 минг гектар, техника ёрдамида 19 минг гектар) ва кўчатдан 0,9 минг гектар майдонда экиш ишлари амалга оширилди.

Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизи тубидан кўтарилаётган тузли чанглар оқибатларини камайтириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида денгизнинг қуриган ҳудудларида яшил қопламалар, ўрмонзорлар барпо этиш бўйича 2018 йилда бошланган иш жадал давом этмоқда.

– Юртимиз бўйлаб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларда ўрмон хўжалигининг улуши қандай бўлмоқда?

– 2025 йилнинг 11 ойи давомида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат етказиб бериш учун ўрмон хўжаликлари томонидан дарахт кўчатларини етказиб бериш учун 240 гектар майдонда кўчатхоналар ташкил этилди.

Ўрмон хўжаликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги таркибини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги махсус қарорига асосан белгиланган топшириқлар бўйича қатор ишлар самарали тарзда амалга оширилди.

Мазкур қарорда белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан шу кунга қадар ўрмон фондига тегишли 750 гектар ер майдони фойдаланишга киритиш мақсадида ўзлаштирилди.

Давлат ўрмон хўжаликлари томонидан ўрмон фонди ерларини ижарага бериш бўйича ҳам шу кунга қадар қатор ишлар амалга оширилиб, жами 405 гектарлик ўрмон фонди ер майдонларини хусусий секторларга ижарага бериш ишлари амалга оширилди.

Натижада, ўрмон хўжаликлари томонидан манзарали, мевали дарахт ва бута уруғларини тайёрлаш ишлари 465 тоннага, кўчат етиштириш режаси 19,7 миллион донага, тут кўчатини етиштириш 2,7 миллион донага етказилиб, парваришланмоқда.

Ўрмонлардан қўшимча фойдаланиш бўйича ҳам ишлар жадаллаштирилиб, хусусий сектор субъектлари билан ҳамкорликда чорвачиликни ривожлантириш учун чорва моллари сони 11 минг 563 бошга, паррандачиликни ривожлантириш учун паррандалар сони 181 минг 128 бошга, асаларичиликни ривожлантириш учун асалари уялари сони 19 минг 935 тага етказилишига эришилди. Шунингдек, 213 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экинлари экиш ишлари амалга оширилди.

– Хўжаликлар томонидан берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, боғ яратиш, доривор ва озуқабоп ўсимликларни етиштириш ва тайёрлашга бўлган эътибор қай даражада?

– Бу борада ҳам ишлар самарали ташкил этилиб, давлат ўрмон хўжаликлари томонидан жорий йилда 832 гектар майдонга доривор ўсимликлар экилди. Шундан 1380 тонна маҳсулот тайёрланди.

Бундан ташқари, Чимбой давлат ўрмон хўжалиги (ДЎХ) томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг «Орол денгизининг қуриган тубининг 80 гектар майдонига саксовул кўчатидан ўрмонзор экиш» (90,8 млн. сўм) лойиҳаси асосида ўрмонзорларни барпо этиш ишларини амалга оширди. Мўйноқ давлат ўрмон хўжалигининг моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида 47,3 миллион сўмлик грант асосида ускуналар олиб келинди.

Шунингдек, Тахтакўпир давлат ўрмон хўжалигининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун 106,3 миллион сўмлик грант лойиҳаси асосида ускуналар олиб келиниб, иш жараёнида фойдаланилмоқда. Қипчоқ ДЎХ томонидан 70,0 миллион сўмлик «Оролбўйи минтақасида боғ ва дарахтзорлар майдонини кенгайтириш имкониятини яратиш» грант лойиҳаси асосида 5 гектар майдонда боғ яратилди.

Қораўзак давлат ўрмон хўжалигининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун 500,0 миллион сўмлик техника ва ускуналар олиб келиниб, улар ҳозирги кунда кўчатхона ташкил этиш учун уруғ экиш ишларида фойдаланилмоқда. Ҳозирги вақтда Бўзатов ДЎХга дала четларида ҳимоя дарахтзорларини яратиш учун 150,0 миллион сўмлик грант маблағлари жалб этилиб кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу борадаги ишлар самарали давом эттирилмоқда.

Суҳбатлашган: А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси