Оилавий зўравонликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди

Жиноят ишлари бўйича Қораўзак тумани суди раиси Б.Урумбаев, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида ҳудуддаги хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирда таъкидланганидек, хотин-қизларга нисбатан қилинган ҳар қандай тазйиқ ва зўравонлик – жамият хавфсизлигига жиддий таҳдиддир. Мамлакатимизда бу борада тизимли чоралар кўрилиб, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, психологик ёрдам ва профилактик тадбирлар кучайтирилмоқда.
Учрашувда айниқса, рақамли зўравонлик – онлайн таҳдид, шахсий маълумотларни тарқатиш каби ҳолатлар кўпайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбирда оилавий зўравонликнинг олдини олиш масаласи муҳокама қилинди. Хусусан, туман ҳудудида «Босим ва зўравонликсиз ҳаёт» тамойили асосида профилактик тадбирлар йўлга қўйилиб, ҳимоя ордерини бериш амалиёти жадаллаштирилган ҳамда хавф гуруҳидаги оилалар билан мунтазам иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудда ахборот хавфсизлиги бўйича ўқувлар, мактаб ва коллежларда суҳбатлар ўтказилиб, ёшлар ўртасида киберхавфлар ҳақида тушунтириш ишлари кучайтирилган. Жабрланувчиларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш механизми такомиллаштирилмоқда.

Тадбир якунида, жамиятда хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш ва рақамли зўравонликка қарши курашиш энг долзарб вазифалардан экани таъкидланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги