Сенат: фуқаролик жамияти институтлари миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

53

Янгиланган Конституцияда “Фуқаролик жамияти институтлари” деб номланган алоҳида боб мавжуд. Унга кўра, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади.

Фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти қонунга мувофиқ амалга оширилади.

Мазкур конституциявий ислоҳотлар юртимизда фуқаролик жамиятлари институтлари ривожига кенг йўл очди.

Олий Мажлис Сенатида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз юритилди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулхаким Эшмуродов давлат бошқарувига жамоатчиликни кенг жалб этиш, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва нодавлат сектор фаолияти учун қулай шароит яратиш демократик қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Фуқаролик жамияти институтлари эса аҳолининг эҳтиёжларини акс эттирувчи ва давлат билан жамият ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи муҳим механизмга айланиб бормоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам давлат бошқарувини халққа хизмат қилишни таъминлашга йўналтириш, жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Мамлакат тарихида илк марта 2021-2025 йилларга мўлжалланган Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг изчил давом этаётганидан далолат бериб турибди.

Тадбирда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрни юзасидан фикр алмашилди.

Фуқаролик жамияти институтларининг миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида қайд этилди. ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жамиятда фуқаролик фаоллигини ошириш ва жамоавий ҳамкорликни кучайтиришга оид таклифлар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА