«Божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими имкониятлари тушунтирилди

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан хорижий инвестиция лойиҳаларини ўзлаштириш ҳолати, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимига жойлаштирилган товарларни экспортга чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва импорт қилинган ускуналарни ишга тушириш йўналишларидаги масалалар жойларга чиққан ҳолда ўрганилди.
Улар Элликқалъа туманида жойлашган бир қатор тадбиркорлик субъектларида, хусусан, «Элликқалъа олтин толаси кластери», «Bo‘ston Denim», «Бўстон кластер» МЧЖ корхоналарида бўлди. Ушбу корхоналар фаолияти йирик хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда ишга туширилган.
«Элликқалъа олтин толаси кластери» МЧЖ корхонасига 17,5 миллиард сўмлик хорижий инвестиция жалб этилиши натижасида 250 та янги иш ўринлари яратилди. Айни пайтда ушбу корхона ишга туширилган бўлиб, йилига 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги тайёр текстиль маҳсулотларини экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Ушбу ҳудудда жойлашган «Bo‘ston Denim» МЧЖ корхонаси бугунги кунда тайёр текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариб, 2 миллион 300 минг АҚШ доллари қийматидаги 1018 тонна маҳсулотлар экспортга йўналтирилган. Шунингдек, «Бўстон кластер» МЧЖ ҳам шу туманда жойлашган бўлиб, айни пайтда тайёр матоларга ранг бериш билан шуғулланиб келмоқда.




Тадбиркорларга олиб келинаётган хомашёларни «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режими остида жойлаштириш таклиф этилиб, унинг имкониятларидан фойдаланиш афзалликлари батафсил тушунтирилди. Бунда олиб кирилган бўёқ ва бошқа хомашёларни қайта ишлаш натижасида олинган товарлар экспорти амалга оширилганда, олиб кирилган товарлар божхона тўловларидан озод қилиниши мисоллар билан кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги