Давлат тили байрами кўтаринки руҳда нишонланди

Қорақалпоғистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганига 36 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида «Мартабанг баланд бўлсин она тилим!» шиори остида байрам кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда филиал директори, профессор Б.Еримбетов йиғилганларни байрам билан табриклади ва қорақалпоқ тилининг ҳаётимизда тутган ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг сўзга чиққан маърузачилар она тилининг мулоқот воситаси бўлиши билан бирга, неча асрлар давомида ўзининг қадр-қимматини йўқотмай, биз авлодларгача етиб келган бебаҳо хазина эканлигини, ҳар бир халқнинг ўзига хос хусусиятини, ривожланиш босқичлари ва келажагини белгилашда она тилининг тутган ўрнини алоҳида таъкидлади.





Ўтказилган тадбир давомида 1 декабрь – Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги муносабати билан талабалар ўртасида ўтказилган ижодий танлов ва Спортнинг футбол тури бўйича ташкил этилган «Директор кубоги» мусобақаси ғолибларига ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, кубок ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири филиал талабалари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи