Бугун сунъий интеллект форумида Президентимиз мамлакатимизда рақамли трансформацияни тезлаштириш, сунъий интеллектни барча соҳаларга жорий этиш ва ёшлар учун янги технологик имкониятлар яратишга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди

Эришилган натижалар:
– сунъий интеллект ва рақамли технологиялар йўналишида қарийб 2 миллиард доллар тўғридан тўғри инвестициялар жалб этилди, ИТ хизматлари экспорти ҳажми ўтган йилларга нисбатан 4,5 карра ўсиб, 1 миллиард долларга яқинлашди;
– ИТ соҳасида таълим бераётган олий таълим муассасалари қарийб 3 бараварга ошиб, 145 тага, талабалар сони эса 80 минг нафарга етди, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 2 миллиондан ортиқ ёшлар билим ва кўникмаларини оширди;
– мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 20 минг нафар информатика ўқитувчиси Янги Ўзбекистон университетида АҚШнинг нуфузли МИТ олийгоҳи билан ҳамкорликда ташкил этилган интенсив тайёрлов курсларини ўтмоқда;
– рақамли диагностика орқали 50 мингдан зиёд беморга аниқ ташхис қўйилди, тиббий хизмат кўрсатиш вақти 5-7 баробар қисқарди;
– Қорақалпоғистонда ўтказилган маммографик текширувлар тасвирларининг 70 фоизи юртимиз мутахассислари томонидан яратилган сунъий интеллект платформаси орқали таҳлил қилиниб, уларнинг 98 фоизи шифокорлар томонидан тасдиқланди. Ташхис қўйиш вақти бир неча кундан 2 соатгача қисқарди;
– стартаплар сони 10 баробар ўсди, уларга 300 миллион долларлик инвестициялар жалб қилинди, Саудия Арабистони билан қиймати 3 миллиард доллар бўлган биринчи яшил маълумотлар марказини барпо этиш бошланди.