ОИТСга қарши кураш маркази қандай ишларни олиб бормоқда ёки 40 млн кишини ҳаётдан эрта олиб кетган касаллик ҳақида нималарни биламиз?

1970 йилларнинг охирида АҚШ, Африка ва Европада яшовчи одамлар орасида иммунитет танқислиги билан боғлиқ тушунарсиз ҳолатлар юз бера бошлади.
Бундай ҳолатдаги одамларни шифокорлар даволагани уларга тўғри даво қўнмай улар вафот эта бошлади. 1981 йили Лос-Анжелесда бир неча ёш эркакларда кам учрайдиган ўпка инфекцияси ва Капоси саркомаси (саркоманинг алоҳида тури) аниқланди ва шу сана ОИТСнинг расмий очилган йили ҳисобланади. 1982 йилда касалликка ОИТС (Acquired Immunodeficiency Syndrome) – орттирилган иммун танқислиги синдроми деб ном берилди. 1983 йилда Франциядаги Луи Пастер институти олими Люк Монтане бошчилигидаги гуруҳ ОИТСни келтириб чиқарувчи вирусни аниқлади. Кейин вирус ОИТС – Одам иммунитет танқислиги вируси деб аталди. 1984 йилда АҚШ олимлари ҳам вирусни тасдиқлади. 1980 йиллар охири ва 1990 йилларда инфекция инфекция бутун дунё бўйлаб тез тарқалди.
БМТнинг маълумотларига кўра, ер юзи бўйича 85,6 млн дан ортиқ одам ушбу касалликни юқтириб, шундан 40,4 млн киши вафот этган. Африка ва АҚШда бошланган бу касаллик бугунги кунда дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда.
«1 декабрь – Бутун жаҳон ОИТСга қарши курашиш куни» муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида соҳа мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Жамила Мадреймова ва бош шифокор ўринбосари Ания Назарбаевалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда республикамизда ушбу касалликка қарши курашиш, унинг олдини олиш ва даволаш бўйича марказ томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берди.
- Республикамиз бўйича бугунги куни бугунги кунга қадар 1129 кишида ОИВ инфекцияси аниқланиб, уларнинг 667 нафари эркакларни, 462 нафари аёлларни ташкил этади, – дейди бош шифокор ўринбосари Ания Назарбоева. – Жумладан, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 107 кишида ОИВ инфекцияси аниқланди. Уларнинг 69 нафарини эркаклар, 38 нафарини аёллар ташкил этади. Ва, инфекция юқтирганларнинг кўпчилиги яъни, 83-85 фоизи жинсий йўл билан юқтирмоқда. Айниқса, улар орасида талаба ва ўқувчи ёшларнинг кўпроқ учраши кўпчиликни ташвишга солади.
Анжуманда таъкидланишича, республикамизда ОИТС касаллиги билан рўйхатга олинган беморларнинг 361 нафари касаллик асоратидан вафот этган. 2025 йилнинг ўтган 10 ойи давомида республикамиз бўйича 20390 киши ОИВга текширилди, уларнинг 32 нафарида инфекция аниқланган. Бундан ташқари, эпидемиологик суриштирувлар натижасида, жами 70 нафар фуқаронинг чет давлатларда меҳнат миграцияси даврида бўлганида ушбу касалликни юқтиргани маълум бўлган. Хусусан, Беруний туманида 15, Тўрткўлда 11, Нукус шаҳрида 10, Амударёда 8 та, Элликқалъада 6 та, Хўжайлида 6 та, Чимбойда 3 та, Кегейли ва Тахиатошда 2 та, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ, Шуманай, Қораўзак, Нукус туманларининг ҳар биридан 1 нафардан киши хорижда меҳнат миграцияси даврида бўлганида ушбу касалликни юқтирган.
Шунингдек, ўтган 10 ой ичида республикамиз бўйича 20688 никоҳланувчи шахслар ОИВга текширилди, уларнинг иккитасида ОИВ инфекцияси аниқланган. Тиббиёт ходимлари орасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш ва касалликни уларнинг оила аъзоларига юқишининг олдини олиш мақсадида, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 19394 нафар тиббиёт ходими текширилган бўлса, шулар орасида 1 кишида ОИВ инфекциясини юқтиргани маълум бўлди.
Ўтказилган тадбир давомида журналистлар мутахассисларга саволлар бериб, уларга жавоблар олди ва ОИТС маркази фаолияти билан яқиндан танишди.





Анжуман сўнгида «1 декабрь -Бутун жаҳон ОИТСга қарши курашиш куни» муносабати билан кенг жамоатчилик орасида касалликка қарши курашиш ва олдини олишда фаоллик кўрсатгани учун бир гуруҳ журналистларга Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш марказининг Миннатдорчилик хатлари топширилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи