Ўзбек шахматининг юксалиш динамикаси дунёга намойиш этилди

Шахмат бўйича Жаҳон кубогини қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшларининг интеллектуал салоҳияти қанчалик юқорилигини намойиш этган Жавоҳир Синдоров тантанали кутиб олинди.
Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий тизимида янги Ўзбекистон тамойилининг кенг жорий этилиши халқимиз ҳаётига интилувчанлик, ишчанлик, орзумандлик туйғуларини жо этди.
Бу, ўз навбатида, ғуруримизни юксалтирадиган муваффақиятлар салмоғини йилдан-йилга ортишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, кейинги 5 йиллик давомида спорт соҳасида қўлга киритилган натижалар, эришилган ғалабалар шу даражада ортдики, бу муждалар халқимиз ҳаётида, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишида, саломатлик ҳаракатининг кенг ёйилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан бир неча ҳафта муқаддам юртимиз спортчиларининг “Ислом бирдамлиги” ўйинларида 57 та давлат делегациялари орасида ҳамда ундан олдинроқ Баҳрайнда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида умумжамоада 2-ўринни эгаллаши ортидан куни кеча Ҳиндистонда шахматчимиз Жавоҳир Синдоровнинг Жаҳон кубоги соҳиби бўлиши Ўзбекистон ёшларининг ғолиблик қиёфаси нечоғли юксак эканлигини жаҳон аҳлига яна бир карра ёрқин намойиш этди.
Ҳаётимизда муҳим кунлар, саналар кўп. Бироқ Ватанимиз келажаги йўлида амалга оширилаётган ишлар, унинг тамал тоши қўйилган онлар барчасидан қадрли.
Шу маънода, 2025 йилнинг 26 ноябри нафақат спортимиз, балки юртимизнинг эртанги тараққиёти йўлидаги энг эсда қоларли кунлардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Айнан шу куни Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Президент олимпиадаси ўйинлари ўтказилиши расман йўлга қўйилганлиги эълон қилинган бўлса, эртамиз эгалари ёшларнинг интеллектуал салоҳияти қанчалик юқорилигини намойиш этган Жавоҳир Синдоров хитойлик Вэй Ини 1,5 : 0,5 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон кубогини қўлга киритди.
Халқаро шахмат оламида катта шов-шувга сабаб бўлган, ФИДЕ тарихида энг ёш жаҳон кубоги соҳиби сифатида эътироф этилган 19 ёшли Жавоҳир Синдоров Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ҳукумат аъзолари, спортимиз мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, шахмат ишқибозлари иштирокида тантанали кутиб олинди.
Дарҳақиқат, Жавоҳир Синдоров дунёнинг энг кучли 206 нафар шахматчилари билан мураккаб ва катта руҳий босимда кечган нуфузли мусобақа баҳсларида ўта қатъиятли, совуққонлик билан юксак ирода ва матонатини кўрсатдики, ҳар бир тур, ҳар бир дона суриш уни ғалаба сари бошлаб келди.
Гао шаҳрида жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоровни расмий тақдирлаш маросимида иштирок этган Халқаро шахмат федерацияси раҳбарлари, Ҳиндистон спорт ташкилотлари мутасаддилари Ўзбек шахматининг юксалиш динамикаси ҳақида илиқ фикрларни билдириш асносида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёш шахматчимизни ва жаҳон кубоги иштирокчиларини табриклаганлиги кенг намойиш этилганлиги эътиборли воқелик бўлди.
– Жаҳон кубогини қўлга киритишим, шахмат тожи учун келгуси йили Кипрда бўладиган Даъвогарлар турнири йўлланмасига эга чиққанлигимдан хурсандман. Ғалаба қозонганимдан сўнг муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шахсан телефон қилиб табриклаганлиги ва бу табрик Ҳиндистонда тақдирлаш маросимида барчага намойиш этилганлиги ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлиб қолади. Ушбу нуфузли мусобақанинг Ҳиндистонда ўтганлиги менинг спорт фаолиятимда алоҳида ўрин тутади. Боиси, биринчи марта 7 ёшимда илк Осиё чемпионлигига Ҳинд диёрида эришганман. Шундан сўнг, 2022 йили Ченнайда ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жамоамиз билан ғолибликни қўлга киритдик. Ўйлайманки, юртимиз спортининг улкан муваффақиятлари ҳали олдинда. Бутун куч-қувватим, билимим билан Ватанимиз шуҳратини, унинг обрў-эътиборини оширишга ҳаракат қиламан, – деди кутиб олиш маросимида Ж. Синдоров.
Жаҳон аҳлига Ўзбек шахматининг руҳий қувватини, мамлакатимиз ёшларининг тафаккури нечоғли юксаклигини кўрсатган шахматчиларимизни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жавоҳир Синдоровга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.
Тўлқин РЎЗИЕВ,
ЎзА мухбири