Ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик икки давлат муносабатларини янги босқичга олиб чиқади

26

Ҳар йили бир миллион тожикистонликнинг Ўзбекистонга, бир миллион ўзбекистонликнинг Тожикистонга ташриф буюриши икки халқ ўртасидаги чин дўстлик, ишонч ва қардошликнинг алоҳида сиёсий кўрсаткичи саналади.

Бугун мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.

Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Давлатимиз раҳбари ўз миссиясини бошлаётган дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини самимий табриклади.

Маросимдан сўнг Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насриддин ИСМАТУЛЛО ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ўзбекистон халқига ва Президент Жаноби олийларига юксак даражадаги самимий ва дўстона қабул учун қалбан миннатдорлик билдираман. Бугунги учрашув ва мулоқотлар нафақат икки томонлама муносабатлар, балки бутун минтақанинг барқарор ва изчил ривожи учун улкан сиёсий аҳамиятга эга.

Элчининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг юқори босқичига кўтарилган. Бироқ олдинда давлат раҳбарлари белгилаган янада катта сиёсий, иқтисодий ва геостратегик вазифалар турибди. Уларнинг ижроси икки мамлакат ривожланиши ва интеграциясини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган аниқ сиёсий дастур ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳар йили бир миллион тожикистонликнинг Ўзбекистонга, бир миллион ўзбекистонликнинг Тожикистонга ташриф буюриши икки халқ ўртасидаги чин дўстлик, ишонч ва қардошликнинг алоҳида сиёсий кўрсаткичи саналади.

Тошкентда Тожикистон элчихонасининг янги мажмуасини барпо этиш ҳам ана шу чуқур ҳамкорликнинг рамзи дейиш мумкин. Бу икки давлат муносабатларининг янада мустаҳкамланаётганидан дарак беради.

Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги интеграция ҳам сиёсий мазмун касб этмоқда. Тошкент – Душанбе йўналиши бўйича авиақатновнинг кунига икки марта амалга оширилиши халқларимиз ўртасидаги очиқлик ва мулоқотни кучайтирувчи муҳим қадам бўлди. Яқин келажакда янги йўналишлар очилиши эса минтақа мобиллигини оширишда стратегик аҳамиятга эга бўлади.

Умуман, бугун белгиланган вазифалар ва келишувлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сиёсий шерикликни янги, юқори босқичга олиб чиқадиган узоқ муддатли стратегия сифатида баҳоланмоқда. Мазкур мақсадлар ижросига қатъий бел боғлаганман.

ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.