Алексей ЕРХОВ: давлатларимиз ўртасидаги дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш мен учун шараф

27 ноябрь куни мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.
Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчиларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Давлатимиз раҳбари ўз миссиясини бошлаётган дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини самимий табриклади.
Маросимдан кейин Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей ЕРХОВ ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Бугун мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби олийларига Россия Федерациясининг элчиси сифатида ваколатларимни тасдиқловчи ишонч ёрлиқларини топширдим. Икки давлат ўртасидаги дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш мен учун юксак шараф ва улкан масъулият.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги изчил сиёсий мулоқот, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш каби масалалар нафақат долзарб, балки стратегик аҳамиятга эга. Мамлакатларимиз ички ва ташқи сиёсатда ишонч, тенглик ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида шерикликни янги босқичга чиқариш бўйича қатъий иродага эга.
Ўзбекистоннинг барча вазирлик ва идоралари, ҳукумат ва парламент институтлари билан яқин ва самарали мулоқот олиб боришни ният қилганман. Биз биргаликда стратегик шерикликни янада кучайтириш, иқтисодий интеграция имкониятларини кенгайтириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда икки давлат манфаатларига хизмат қилувчи янги сиёсий ташаббусларни амалга оширишга интилaмиз.
Икки мамлакатнинг дўстлиги ва бир мақсад сари интилиши бугунги геосиёсий шароитда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Миссиям давомида ушбу стратегик йўлни янада ривожлантиришга бор куч ва тажрибамни йўналтираман.
ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.