Таъсирчан парламент назорати — ривожланиш омили

64

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти томонидан Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Таъсирчан парламент назорати: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Унда парламент назорати институтининг аҳамияти, шакллари, парламент фаолиятини самарали ташкил этиш, рақамлаштириш жараёнлари, парламент назорати фаолиятини амалга оширишнинг давлат ва халқ ҳаётидаги ўрни каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда барча соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилиб, мамлакатимиз тобора янгича ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Бунда янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги саъй-ҳаракатлар муҳим ўрин тутади. Айниқса, янгиланган Бош қомусимизда мустаҳкамланган ваколатлар парламент фаолиятига янгича мазмун бағишлади. Қонун чиқарувчи органнинг ваколатлари салмоқли даражада оширилди.

Анжуманда парламент вакиллари, ҳуқуқшунос, сиёсатшунос олимлар, экспертлар сўз олиб, парламентнинг демократик ислоҳотлар жараёнидаги ўрни, унинг фаолиятига оид долзарб масалалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Замонавий дунёда парламентларнинг фаолияти инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпўлатов. — Миллий парламентимиз демократик бошқарувнинг юраги сифатида ҳамиша фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттиради. Парламент назорати нафақат сиёсий механизм, балки халқ ва давлат ўртасидаги ишонч кўприги, самарали бошқарувнинг асоси ҳисобланади.

Конференцияда сайлов қонунчилигидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритилиб, муҳим ўзгаришлар амалга оширилгани ва 2024 йилдаги парламент сайлови мутлақо янгича кўринишда ўтгани таъкидланди.

Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Андре Алгермиссен Ўзбекистонда парламентнинг роли мустаҳкамлангани, ҳокимиятлар бўлинишида муҳим бўғин сифатида кучайтирилгани эътиборга сазовор эканлигини қайд этди. Парламентнинг вакиллик ва қонунчилик функциялари дунёдаги ҳар қандай мамлакат учун демократик сиёсий жараёнларнинг муҳим омили ҳисобланишини эътироф этди.

Шунингдек, у ўз сўзида “Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муваффақияти нафақат гўзал мамлакатингизнинг тараққиёти ва фаровонлиги билан, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ва хавфсиз келажаги билан ҳам боғлиқдир”, деди.

Анжуманда парламент фаолиятини рақамлаштириш, ахборот-таҳлил инфратузилмасини янада такомиллаштириш, депутат, эксперт ва фуқаролар ўртасида тезкор мулоқотни таъминлайдиган рақамли платформаларни жорий этиш бугунги кундаги долзарб масалалардан эканлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, парламент назоратини самарали амалга оширишдаги айрим масалалар ечимида илмий ёндашув ва хулосалар зарурлиги таъкидланди. Бу борада 2025 йилги Давлат дастурида парламент фаолиятида ақл марказлари билан тизимли равишда ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси белгилангани айтиб ўтилди.

Шунингдек, конференцияда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили — Омбудсман ва Болалар Омбудсмани сўз олиб, мазкур институтлар парламент назоратининг муҳим бўғини сифатида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, болалар ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этаётганини таъкидлади. Ҳар иккала Омбудсман ва парламент ўртасидаги ҳамкорлик фуқаролар ва болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, халқ манфаатларига хизмат қилишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Анжуманда парламент назорати фаолиятида қонунлар ижросини назорат қилиш, қонунларнинг ҳаётийлигини кузатиш, таҳлил этиш ва унинг асосида чуқур асослантирилган хулосага келиш муҳим вазифа ҳисобланиши айтиб ўтилди. Қайд этилганидек, парламент назорати қонун ҳужжатларининг ҳаётда қай даражада ишлаётганини, улар амалда фуқаролар манфаатини қандай таъминлаётганини аниқ кўрсатиб беради.

Конференцияда парламент назорати самарадорлигини ошириш, бу борада хорижий тажрибаларни ўрганиш, парламент фаолиятини замон талаби даражасида такомиллаштириш бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА