Имкониятлардан унумли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

Қўнғирот туманида Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири Ш.Тешаев, соҳа мутасаддилари, Карантин агентлиги вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тегишли соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Семинар давомида қарор доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, дала четларидан самарали фойдаланиш, фойдаланилмаётган майдонларни қайта фойдаланишга киритиш, буғдой экинлари бўйича агротехника талаблари ва мавсумий ишларни тўғри ташкил этиш, буғдойни озиқлантириш (суспензия) технологияларини жорий этиш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган амалий таклифлар таҳлил қилинди.
Тадбиркор ва фермерлар малакасини ошириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, мазкур қарор ижросини тизимли ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Семинарда соҳа мутахассислари томонидан фермерларга амалий кўникмалар берилди ва мавсумий агротехник тадбирларни сифатли ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Кўргазмали семинарлар бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги