Қорақалпоқ тили байрамига бағишлаб оммавий диктант тадбири ўтказилди

77

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикаси «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганлигининг 36 йиллигига бағишланган оммавий диктант тадбири ташкил этилди.

Тадбирда институтнинг барча факультетларидан талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар, тюторлар, педагог ва мутахассис ходимлар – жами 300 га яқин иштирокчи белгиланган вақт давомида матнни қорақалпоқ тилининг имло қоидаларига мувофиқ тарзда ёзишга ҳаракат қилди. Диктант жараёнида иштирокчилар учун қорақалпоқ тилининг жамиятдаги ўрни ҳақида ёзилган матн танлаб олинди.

Оммавий диктантни ўтказишдан асосий мақсад институт жамоаси, шу жумладан, ёшлар ўртасида қорақалпоқ тилига ҳурмат ҳиссини кучайтириш, саводхонлик маданияти ва қорақалпоқ тилининг нуфузини янада оширишдан иборат бўлди.

Оммавий диктант якунлари бўйича ғолиб бўлган ва фаол иштирок этган ёшлар ташкилотчилар томонидан тил байрами кечасида тантанали равишда тақдирланади.

Тадбир қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи, тарихий аҳамияти ва бугунги кунда унинг қўлланилиш доирасини кенгайтириш борасидаги ишларни тарғиб қилишга хизмат қилди.

Ёшлар ўртасида қорақалпоқ тилига бўлган ҳурматни янада мустаҳкамлашга қаратилган бундай маърифий тадбирлар келгусида ҳам давом этади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги