Давлат молиясини бошқаришда замонавий талаблар ва халқаро тажриба
Мамлакатимизда давлат молиясини бошқариш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва бюджет жараёнининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида дастурий бюджетлаштириш тизимини жорий этиш ишлари изчил давом этмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ташкил этилаётган вазирлик ва идоралар мутахассисларининг институционал салоҳиятини кучайтиришга қаратилган ўқув-семинарлари шу мақсадлар билан боғлиқ.
Ушбу тадбирлар “Ernst & Young Advisory LLC” ва “Ecorys Nederland” халқаро консалтинг компаниялари экспертлари иштирокида ташкил этилди.
Вазирлик ва Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган “Институционал салоҳиятни ошириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда дастурий бюджетлаштиришнинг асосий тамойиллари, натижага йўналтирилган режалаштириш жараёни ва бюджет дастурлари паспортларини тузиш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, бюджет харажатларини таҳлил қилиш, натижаларни белгилаш, индикаторларни ишлаб чиқиш ва дастурлар ижросини мониторинг қилиш бўйича амалий машғулотлар олиб борилди.
Экспертларнинг таъкидлашича, бу каби тадбирлар давлат органлари мутахассислари салоҳиятини ошириш, уларнинг замонавий бюджетлаштириш механизмларини чуқур тушуниши ва самарали қўллашида алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, семинарлар натижасида вазирликлар ва идоралар ўртасида тажриба алмашиш, ягона стандартлар асосида режалаштириш ва ҳисобот бериш жараёнларини такомиллаштириш имконияти пайдо бўлади. Мулоқотлар давлат молиясини бошқаришнинг самарадорлигини ошириш, ресурслардан мақсадли ва тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда жамият манфаатларига мос келадиган давлат дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирлар давомида хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари мисолида дастурий бюджетлаштиришнинг афзалликлари, унинг самарадорликни оширишдаги ўрни ва Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди. Якуний натижаларга кўра, мутахассислар ўртасидаги фикр алмашинувлар бюджет жараёнларини ислоҳ қилиш, ресурсларни мақсадли йўналтириш ва натижадорликка эришиш бўйича янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА