ChatGPT’да янги тартиб: вояга етмаганларни аниқлаш бўйича текширув жорий этилди
ChatGPT фойдаланувчи 18 ёшга тўлмаганидан шубҳаланганда, ундан паспорт орқали шахсини тасдиқлашни сўрай бошлади. Текширувдан ўтмагунча тизим “фақат катталар учун” деб белгиланган мавзуларни муҳокама қилиш имкониятини чеклайди. Айрим ҳолатларда бу талаб ҳатто вояга етган фойдаланувчиларга ҳам қўлланилмоқда — улардан бири 30 ёшда бўлса-да, тасдиқлаш сўралганини билдирган.
OpenAI мазкур функциянинг босқичма-босқич жорий этилаётганини ва ҳозирда асосан инглиз тилида сўзлашувчи ҳудудларда синов тариқасида қўлланилаётганини тасдиқлади. Компанияга кўра, янгиликдан мақсад ёшга оид чекловларга риоя этиш ҳамда вояга етмаганларни номақбул контентдан янада самарали ҳимоя қилишдир.
Шунингдек, OpenAI паспорт маълумотлари хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда қайта ишланишини маълум қилди: маълумотлар шифрланган тарзда узатилади, фақат ёшни тасдиқлаш учун қўлланади ва ҳужжатлар очиқ равишда сақланмайди.
Ушбу янгилик аудитория томонидан турлича қабул қилинди. Айрим фойдаланувчилар ташаббусни рақамли хавфсизликни кучайтиришга қаратилган мантиқий қадам сифатида баҳолаган бўлса, бошқалар механизмнинг ортиқча ва айрим ҳолларда нотўғри ишлашини таъкидлаб, асоссиз чекловларга дуч келаётганини танқид қилмоқда.
OpenAI таъкидлашича, текширувнинг ҳозирги талқини синов характерiga эга. Компания фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиб, ёшни тасдиқлашнинг муқобил усуллари — жумладан, банк карталари ёки электрон рақамли идентификаторлардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА