Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди

63

25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни.

Мазкур кундан бошлаб 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунига қадар дунё бўйлаб “Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик” глобал кампанияси ўтказилади.

Мазкур ташаббус доирасида жорий йил БМТ томонидан кампания “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” мавзусида ташкил этилиши белгилаб берилган.

Ўзбекистонда ҳам ушбу глобал ташаббус анъанавий равишда қўллаб-қувватланиб, мамлакат миқёсида турли йўналишлардаги тадбирлар ва мулоқотлар орқали кенг жамоатчилик иштирокида ўтказиб келинмоқда.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси бошчилигида, БМТ тузилмалари ҳамкорлигида “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” кампаниясига старт берилди.

Тадбирда сўз олган Сенат Раиси Танзила Норбоева хотин-қизларни ҳар қандай зўравонликдан, хусусан, рақамли макондаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб, зўравонликка қарши кураш узлуксиз жараён эканини қайд этди.

– Айрим зарарли стереотиплар жамиятда урф-одат сифатида талқин қилиниши мумкин, аммо инсон ҳуқуқларини бузадиган бундай тасаввурларни бартараф этиш муҳим вазифадир, – деди Т.Норбоева. –  Ҳеч қандай стереотип зўравонликни оқлай олмайди.

Вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, халқаро экспертлар ва БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари ходимлари иштирок этган тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Маҳл мамлакатда оиладаги зўравонликни жиноят деб белгилаш, ҳимоя хизматларини кучайтириш каби ислоҳотлар рақамли зўравонликка қарши кураш учун муҳим база яратишини таъкидлаб, рақамлашув ортиб боргани сайин қонун ва хизматларни ҳам такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.

«БМТ-аёллар» тузилмаси Марказий Осиё Мувофиқлаштирувчи офиси раҳбари Жерен Гувен Гуреш глобал рақамлашув тез ўсишига қарамай, дунёда онлайн зўравонлик ва технологиялар воситасидаги зўравонлик ҳолатларининг катта қисми яширилган ҳолда қолишини таъкидлади. 2025 йилга қадар 117 мамлакат рақамли зўравонликка қарши чоралар кўраётган бўлса-да, бу трансмиллий таҳдидга жавоблар ҳали ҳам тарқоқ ва мувофиқлаштирилмаган ҳолда қолмоқда.

Тадбир иштирокчилари рақамли маконларни барча хотин-қизлар учун хавфсиз, соғлом ва имкониятлар яратадиган муҳитга айлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини қайд этди. Рақамли зўравонликка қарши курашиш бўйича таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА