Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар якуни ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳукумат, ижро ҳокимияти ва барча мутасаддиларга камбағалликни қисқартириш масаласига эътиборни сусайтирмаслик зарурлигини тушунтирди.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш асосий кун тартибидан чиқмай келаётган масала. Таъкидланганидек, ўтган даврда бу борадаги ишларни маҳаллада тўғри ташкил этиш зарур. Маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган ҳокимликлар ва уларнинг ходимларининг моддий-техник имкониятлари тубдан яхшиланди. Жорий йил бошидан эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқди. Йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда. Биринчи марта 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан ҳоли» ҳудудга айланди. Шу билан бирга, айрим туманлар ҳокимлари катта ресурс ва маблағи бўла туриб, ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани, одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермагани танқид қилинди. Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мутасаддиларнинг асосий вазифаси бўлиши таъкидланди. Бунинг учун келгуси йилда иқтисодиётга 450 триллион сўм кредит ажратилиши, 140 триллион сўми маҳалладаги кичик ва ўрта лойиҳалар учун берилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари бу ишларни ташкил этишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Биринчиси – қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш, иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш, учинчи йўналиш – саноат лойиҳалари орқали доимий иш ўринларини кўпайтириш, тўртинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги ҳисобига аҳоли даромадларини ошириш, бешинчи йўналиш – эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш этиб белгиланди.
Президентимиз мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифалар ҳамда ушбу вазифаларни бажариш учун зарур маблағлар манбаи ҳам аниқ кўрсатиб берилди.Бундан ташқари, оғир турмуш шароити туфайли камбағалликка тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Албатта, камбағалликни қисқартириш осон ва бирдан бўладиган жараён эмас. Энг муҳими, мамлакатнинг улкан ресурс ва имкониятлари ушбу йўналишга сафарбар этилаётган экан, бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилиши, белгиланган ҳар бир тадбир ўз ўрнида ва самарали бажарилиши лозим.
Маҳмуд Есенгелидев,
Халқ депутатлари Шуманай тумани Кенгашининг депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги