Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш бўйича хўжалик юритувчи субъектларни огоҳлантирди

Рақобат қўмитасига умумий овқатланиш корхоналари фаолияти бўйича истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларда айрим ресторан ва кафеларда таомлар нархидан ташқари 10-15, баъзан эса 20 фоизгача хизмат ҳақи қўшимча тўлов сифатида ундирилаётгани ҳамда аввалдан депозит маблағлар талаб қилинаётгани билдирилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 4, 19 ва 21-моддаларига асосан
истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, уларни эркин танлаш ҳамда сифатли бўлишини талаб қилишга ҳақли. Шунингдек, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Ундан ташқари сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларни қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга йўл қўймасликлари кераклиги, яъни умумий овқатланиш корхоналари турларидан келиб чиқиб истеъмолчиларнинг ўз-ўзига хизмат қилиш имкониятини яратиш, таомлар нархи, хизмат кўрсатиш тартиби ва улар билан боғлиқ шартлар, шу жумладан, официант хизмати учун ҳақ миқдори ҳақидаги маълумотлар билан ўз вақтида тўлиқ таништириб ўтишлари лозимлиги борасида огоҳлантирди.
Қўмита хабарида қайд этилишича, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилганда Рақобат қўмитасининг 1159 қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
Нигора Раҳмонова, ЎзА