Табассум ортидаги хиёнат: Маргарет Тэтчернинг сиёсатдаги сўнгги куни

1990 йилнинг ноябрь тонги Буюк Британия сиёсий тарихидаги энг драматик саҳналардан бирига айланди, дейиш мумкин. 11 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатни кучли иродаси билан бошқарган Маргарет Тэтчер – “Темир хоним” кўз ёшларини зўрға тия олганча журналистларга юзланди. Хоним ўз нутқида мамлакатни “анча яхшиланган” ҳолда тарк этаётганини айтди, бироқ юзидаги изтироб бу сўзларни инкор этаётгандек эди.
У ўз фаолиятида етарли қўллов тўплай олмагач, Консерваторлар партияси раҳбарлигидан кетишга мажбур бўлганди. Ачинарли ва оғриқли жиҳати шундаки, унга қарши турган энг кескин куч рақиблари эмас, балки ўз жамоаси бўлди.
Тэтчер Бирлашган Қиролликнинг илк аёл бош вазири бўлиб, уч бор кетма-кет ғалаба қозонган кам сонли сиёсатчилардан эди. У касаба уюшмаларидан тортиб энг кучли вазирлар билан ҳам мардонавор курашди. Шунга қарамай, 1987 йилдаги учинчи ғалабадан сўнг унинг сиёсий тақдири аста-секин ўзгариб борарди.
Энг катта “зарба”даромадидан қатъи назар барча фуқароларга бир хил солиқ солинадиган “Poll tax” тизими ортидан келди. 1990 йил мартида Лондон марказида содир бўлган маҳаллий қўзғолонлар консерватив депутатларни ларзага солди, аммо Тэтчерни ҳалокат сари тортган ҳақиқий масала — Европа Иттифоқи билан муносабатлар эди.

Тэтчернинг энг мулойим ва вазмин ҳамкори Жефри Хаув кутилмаганда унга “ҳужум” қилди. 1989 йилги сиёсий ўзгаришдан сўнг Хаув истеъфога чиқади. Орадан вақт ўтиб у парламентда крикет спорт турига оид метафора орқали бош вазирнинг Европа бўйича сиёсатини масхара қилади.
– Ўйин бошланишидан аввал капитан ўз жамоадошлари таёқларини синдириб қўйганга ўхшайди, -дейди у ўз нутқида.
Бу ҳолат Тэтчерга қилинган очиқ исён эди.
“Темир хоним” билан аввалдан зиддиятда бўлган Майкл Ҳеселтайн вазиятдан фойдаланиб, лидерлик даъвосини қўяди ва партияда етакчилик пойгаси бошланади. Биринчи босқичда Тэтчер ғалаба қилади, бироқ бу етарли эмасди, ғалаба қатъий бўлиши шарт эди.
Бош вазир ўз нуфузини кучайтириш ўрнига Париждаги қандайдир дипломатик тадбирга бориши кўплаб депутатлар учун “биз унга энди муҳим эмасмиз” деган сигнал бўлади.

Вазирлар унинг бош идорасига навбатма-навбат кириб, ўз қарашларини очиқ айтади.
– Агар истасангиз сизни қўллаймиз, аммо сиз юта олмайсиз, -деди мулозимлардан бири қатъий оҳангда.
“Темир хоним”нинг ниҳоят синган “нуқтаси” шу бўлди. У эртаси куни кабинет йиғилишида овози титраб, лавозимдан кетишини маълум қилди.
1990 йил 28 ноябрь куни Маргарет Тэтчер “10-Downing-Street” олдида чиқиш қилди. Мамлакат бош вазири сифатида сўнгги марта қиролича билан учрашди.
Тэтчер бу оламни тарк этган бўлса-да, аммо унинг сиёсий таъсири Қироллик сиёсатида ҳануз сезилади. Хонимнинг ўзи учун эса сиёсий меросдан ҳам кучлироқ бўлган туйғу — бу хиёнатнинг аччиқ таъми бўлди.

Мусулмон Зиё тайёрлади,
ЎзА