Ижтимоий шартнома шартларини бажарган ёшлар рағбатлантирилади

«Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ–222-сон фармон билан ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганда босқичма-босқич тегишли чоралар қўлланиши белгиланди.
Унга кўра:
– ижтимоий шартноманинг бажарилмаган шартларини 15 кун ичида бажариш тўғрисида огоҳлантириш;
– ижтимоий ёрдам миқдорларини 15 фоиздан 30 фоизгача камайтириш;
– ижтимоий ёрдам кўрсатишни 1 ойдан 6 ойгача вақтинчалик тўхтатиш;
– ижтимоий ёрдам кўрсатишни 1 йил ва ундан ортиқ муддатга тўхтатиш.
Ижтимоий шартнома шартларини мунтазам равишда камида 6 ой давомида юқори даражада бажарган ёшлар қуйидагича рағбатлантирилади:
– унга имтиёзли равишда навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам кўрсатилади;
– энг яхши 1 000 нафар ёшлар ҳар йили бир марта БҲМнинг 3 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади;
– ёшларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган мукофотларга тавсия этилади.
Маълумот учун, ижтимоий шартнома — камбағал оилаларга кўмак чораларининг муайян мажбуриятларни бажариш шарти билан кўрсатилишини назарда тутувчи шартнома ҳисобланади.