Хотин-қизлар илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда қишлоқда бўладими, шаҳардами меҳнат қилишни истаган ҳар бир хотин-қизга имконият бор. Кимдир тикиш-тўқиш билан шуғулланяпти, кимдир савдо қилаяпти, яна бошқалар эса корхона ва ташкилотларда ўз ўрнини топмоқда.
Аёл ишласа, оилада барака, фарзандлар ҳам кенг дунёқарашли бўлади, эркакнинг ҳам юки енгиллашади.
Шу мақсадда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова раислигида хотин-қизлар илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, замонавий касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, вазирлик мутасаддилари, тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда З.Маҳкамова хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш ва янги ташаббусларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқ ўрганиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, маҳаллаларда мавжуд эҳтиёж ва муаммоларни аниқлаш, шу асосда мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш аёллар ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар яратмоқда.

Шунингдек, хотин-қизларнинг илмий фаоллигини ошириш, уларни инновацион изланишларга жалб этиш ва замонавий касбларга ўқитиш долзарб вазифа экани қайд этилди. Докторантлар ва ёш олималарни хориж ва маҳаллий грантлар, илмий лойиҳалар, ҳудудий ташаббусларга жалб қилиш, илмий ишланмаларни ҳудудларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга йўналтириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Инновацион ривожланиш агентлигига илмий тадқиқотларни маҳаллалар ва олий таълим муассасаларида психологик муҳитни барқарорлаштиришга қаратилган йўналишлар билан бойитиш вазифаси топширилди. Хусусан, суицид хавфи, интернет ва ахборот воситаларига қарамлик, оилавий низолар каби масалалар бўйича кичик мониторинглар ўтказиш йўлга қўйилиши борасида таклифлар билдирилди.

Касбий таълим агентлигига техникумларда ишсиз хотин-қизларни замонавий касблар бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитишни ташкил этиш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, ўқув дастурларининг методик таъминотини кучайтириш ва битирувчиларнинг бандлигини доимий мониторинг қилиш белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида хотин-қизларнинг илм-фан, тадбиркорлик ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш борасида барча зарур чора-тадбирлар тизимли ва мақсадли амалга оширилиши таъкидланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА