Геология фанлари университетига 11 миллион АҚШ доллари қийматдаги дастурий таъминот беғараз тақдим этилди

Тоғ-кон саноати ва геология соҳаси мамлакат иқтисодий ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, замонавий технологиялар ва илғор дастурий таъминотлардан фойдаланиш самарадорлик ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Шу мақсадда, халқаро компаниялар билан ҳамкорлик туфайли янги билим ва технологияларни олиб кириш алоҳида аҳамият касб этади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ва SLB компанияси вице-президенти Кари Энн Х.Кюолаас-Холланд бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда шу хусусда сўз юритилди.

Унда “Ўзбекгеофизика” АЖ трансформация жараёнларини жадал давом эттириш, SLB билан Геология фанлари университетида таълим жараёнларида ҳамкорлик, углеводород хомашёси конларини моделлаштириш бўйича ўқув дастурини амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Таъкидлаш керакки, SLB – АҚШда асосланган халқаро нефть ва геология технологиялари компанияси бўлиб, дунё бўйлаб 120 дан зиёд мамлакатда фаолият юритади. Шунга кўра, томонлар ўртасидаги истиқболли ҳамкорлик ҳар жиҳатдан амалий аҳамиятга эга.

Шундан сўнг ҳамкорлик доирасида GFU раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказилиб, SLB компанияси томонидан университет учун қиймати 11 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи махсус дастурий таъминотлар комплекси академик лицензияси беғараз тақдим этилди. Шунингдек, SLB компаниясининг махсус дастурий таъминотларидан академик мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган ўқув хона фойдаланишга топширилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур ҳамкорлик нафақат Геология фанлари университетининг таълим жараёнларини замонавий технологиялар билан бойитади, балки мамлакатнинг тоғ-кон ва геология соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва халқаро стандартларга мослаштиришга ҳам хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА