Ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 19 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинган эди. Йиғилишда, жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва уларга муносиб касб-ҳунар кўникмаларини бериш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, Қўнғирот туманида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Орал Атаниязова, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Аманжол Аяпов раислигида йиғилиш ўтказилди.

Унда ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш, талаба-ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларни меҳнат бозорларига мослаштириш ва битирувчиларнинг доимий иш ўринларига эга бўлишини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ўз вақтида профессионал кўникма олган ва муносиб иш билан таъминланган ёшлар нафақат шахсий фаровонликка эришибгина қолмай, балки ҳудуд ва мамлакат ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшади.
Йиғилиш доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Регистратор офиси раҳбари С.Мирзатаев бошчилигидаги университет масъул вакиллари туман бўйича бир қатор корхона ва ташкилотларда бўлиб, олий таълим муассасаси битирувчиларининг реал ишга жойлашиш кўрсаткичлари, уларнинг меҳнат шароитлари, ишлаб чиқариш жараёнларидаги иштироки ва касбга мослашиш ҳолатлари билан танишди. Ташриф давомида иш берувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, мавжуд эҳтиёжлар, талаб этилаётган мутахассисликлар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги