«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон»: суюлтирилган газ таъминотида камчилик бўлмайди

71

Республикамизда ҳозирги вақтда 289 минг 527 та хонадон табиий газдан фойдаланади. Олис қишлоқ аҳоли пунктларидаги, яъни табиий газ етиб бориши қийин ҳисобланган ҳудудларда 100 минг 489 та хонадон суюлтирилган газга мослаштирилган. Бундан ташқари 121 та мактабгача таълим муассасаси суюлтирилган газ баллонидан фойдаланиб келмоқда.

Бугунги кунда суюлтирилган газ таъминоти рақамлаштирилиб, «E-Gaz» дастури бўйича ишлар йўлга қўйилган.

– Ушбу олис ҳудудлардаги истеъмолчиларни узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлашда «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали томонидан барча шароитлар яратилган бўлиб, истеъмолчиларга ўз вақтида 30-35 кун оралиғида суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмоқда, – дейди Нукус тумани газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Турсинбой Қўтекеев.

Нукус тумани ҳудудидаги Бақаншақли, Қиронтаў, Арбаши, Кердер, Тақиркўл ва Ақтерек овул фуқаролар йиғинларида яшовчи 1771 та хонадон суюлтирилган газга мослаштирилган. Ушбу хўжаликларни узлуксиз суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш учун, улар айланма усулда фойдаланиладиган 3216 та газ баллон билан таъминланган. Истеъмолчилар тўлиқ ID карталар билан таъминланган бўлиб, тўловлар «E-Gaz» дастури орқали амалга оширилади.

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туман суюлтирилган газ истеъмолчиларига 254,98 тонна фонд ажратилиб, амалда 254,82 тонна газ истеъмолчиларга етказиб берилди.

Ўз вақтида олиб борилаётган газ таъминотидаги ишлардан суюлтирилган газ истеъмолчилари миннатдор бўлмоқда. Олдимизда турган совуқ кунларда ҳам газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўлмайди, деб ишонч билдирамиз.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги