Нажим Дауқараев – қорақалпоқ илмига асос солган олим

Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейида «Бердақ кунлари» ҳафталиги доирасида Қорақалпоғистондан чиққан биринчи фан доктори, Бердақ асарларини чуқур ўрганган, Ўрта Осиёда биринчи филология фанлари бўйича докторлик даражасига эга бўлган олим Нажим Дауқараевнинг туғилганига 120 йил тўлиши муносабати билан адабий кеча бўлиб ўтди.
Кечада тарихчи ва адабиётшунос олимлар, ўқитувчилар, Н.Давқараевнинг авлодлари, талаба ёшлар иштирок этди. Тадбирда олимнинг меҳнат йўли, унинг ижоди ҳамда илмий мероси ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда нуроний тарихчи О. Юсупов «Н. Дауқараев – тарихий шахс,» ф.ф.д. К.Палимбетов «Н.Дауқараевнинг бадиий-адабий асарлари» ва бошқа мавзулар бўйича маърузалар қилинди.

Таъкидланганидек, олим қисқа умри давомида қорақалпоқ адабиёти, тарихини чуқур ўрганиш билан бирга қўшни қозоқ халқи адабиётини ҳам ўрганди. Н.Давқараевнинг асарлари чет эл кутубхоналаридан ҳам муносиб ўрин олган, илмий меҳнати қорақалпоқ адабиёти учун бебаҳо мерос эканлиги ҳақида сўз юритилди.
Н. Дауқараев ёзувчи ва драматург бўлиш билан бирга тажрибали устоз. У Олмаота, Қўстанай шаҳарларидаги педагогика техникумларида, Урал педагогика институтида қозоқ тили ва адабиёти бўйича ўқитувчи бўлиб ишлайди. 1934 йилдан Қорақалпоғистон ўқитувчилар институтининг қорақалпоқ тили ва адабиёти кафедраси мудири бўлган.
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг масъул котиби, Қорақалпоғистон Халқ Комиссарлар кенгаши ҳузуридаги бадиий ишлар бўйича бошқарманинг бошлиғи, К.С.Станиславский номидаги мусиқали драма театрининг директори, Тил ва адабиёт институтининг директори ва умрининг охиригача педагогика институтида қорақалпоқ адабиёти кафедрасининг бошлиғи бўлиб ишлайди.
Н.Дауқараевнинг «Партизанлар,» «Интернатда,» «Тўйгa борганда,» «Боғбон», «Бибихон,» «Ўлимни писанд қилмайдиганлар» ва яна бошқа ҳикоялари фақат ёзувчининг эмас, балки қорақалпоқ насрида ҳам дастлабки асарлар сифатида машҳур. «Кўп кунларнинг бири» ҳикояси 1929 йили Олмаота шаҳридаги «Янги мактаб» журналида чоп этилади. 1942 йили «Алпомиш» драмасини ёзди ва пьеса театрда саҳналаштирилди.
У А.С.Пушкиннинг «Капитан қизи» қиссасини, «Қарғанинг гулдастаси,» Н.Некрасовнинг «Темир йўл,» Л.Н.Толстойнинг «Кавказ асири,» А.П.Чеховнинг «Каштанка,» «Ванка,» М.Горкийнинг «Саёҳатчи қурбақа,» К.М.Симоновнинг «Рус одамлари» асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилган.
1946 йили «XVIII-XIX асрдаги қорақалпоқ адабиёти» деган мавзуда филология фанлари номзоди. 1951 йили «Қорақалпоқ адабиёти тарихининг очерклари» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.
Н.Дауқараев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи» фахрий унвонига сазовор бўлди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесларига депутат этиб сайланган. 1934 йилдан Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Тил ва адабиёт институти Н.Дауқараев номига қўйилган.
– Ҳар йили музейимизда 27 ноябрь буюк аждодимиз Бердақ Ғарғабой ўғлининг таваллуд куни муносабати билан 2004 йилдан буён «Бердақ кунлари» ҳафталиги анъанавий тарзда ўтказиб келинади, – дейди музей илмий ходими Гулнор Абдижалалова. – Ушбу ҳафталик доирасида илмий конференциялар, учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилиб, буюк аждодимиз номини абадийлаштириш тадбирлари амалга оширилади. Бугунги Н.Дауқараевнинг юбилейига бағишланган кечамиз ҳам шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги