Индустриал сакраш: Ўзбекистоннинг хомашёдан технология экспортига ўтиш жараёни жадал бормоқда

33

Биз кимдандир тайёр технологияни сотиб олиб ёки уни бошқаларга яна сотиб юрсак ҳеч қачон кутганимиздек ривожланмаймиз. Агар уни ўзимиз ишлаб чиқара бошласак даромадимиз ҳам юқори бўлади, дунёда бизни ҳурмат қиладиганлар ҳам кўпаяди. Ҳозир бу борада қайси йўлдамиз?

Касбимиз тақазоси билан Яшнобод туманидаги электротехника технопаркида бир неча бор бўлганман. У ерда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар, жумладан, халқаро даражадаги бренд компаниялар технологияси асосида тайёрланаётган техника намуналарини кўрганмиз.

Сўзимиз бошидаги фикрлар ҳам шу технопаркда ишлаётган ёш мутахассислар билан суҳбатимиз жараёнида туғилган эди.

Бир қарашда бу фикрлар оддий ҳаётий кузатув асосида туғилгандай туюлади. Лекин бу манзара ортида бутун мамлакат иқтисодиётидаги улкан ўзгаришлар ифода этилади. Янги саноат босқичи, юзлаб завод ва минглаб иш ўринлари очилмоқда. Электротехника саноати ривожи бу сифатли маҳсулот, юқори экспорт кўрсаткичи дегани. Бу яна янги мутахассислар авлоди, янги ишлаб чиқариш маданияти, янги бозорлар ва янги имкониятлар демакдир.

Ҳеч муболағасиз, Ўзбекистонда амалга оширилаётган саноат сиёсати бугун янги босқичга кирди. Мамлакат ўз тарихида илк бор хомашёга эмас, юқори технологияли маҳсулотларга таянадиган барқарор иқтисодий модель сари қадам ташлаяпти. Бу жараённинг энг муҳим тармоқларидан бири электротехника саноати саналади. Бугунги кунда у нафақат ишлаб чиқариш ҳажми, балки экспорт, инвестиция ва технологик ривожланиш даражаси бўйича мамлакат иқтисодиётининг локомотивига айланиб бормоқда.

Қурилмалар, бутловчи қисмлар, электр жиҳозлари, электроника, автоматика воситаларининг барчаси жаҳон бозорида энг юқори талабга эга маҳсулотлардир. Бу маҳсулотлардаги қўшилган қиймат даражаси 5-10 баробаргача юқори бўлади. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ана шу мустаҳкам занжирга қўшилиб, ўз саноатида муаммоларни эмас, имкониятларни кўраётган давлатга айланяпти.

Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 фоизга ошиб, 34 триллион сўмга етди. Бу тармоқдаги туб бурилишдир. Жараён завод ва фабрикаларнинг ишга тушиши, янги маҳсулот турларининг ўзлаштирилиши, энг муҳими, бозорда рақобатбардош миллий брендларнинг пайдо бўлишидан дарак. Экспорт ҳам юқори суръатда ўсмоқда. 970 миллион долларлик ташқи бозор фаолияти бу соҳанинг экспорт потенциали юқори эканини кўрсатади.

– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни электротехника саноатини янада ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тақдимот билан танишган эди, – дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов, – Президентимиз барча соҳаларда рақобат кучаяётган бир даврда, дунё иқтисодиётида тебранишлар кузатилаётган шароитда бу соҳани ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар берди. Эришилган ютуқлар ҳали асосий босқичнинг бошланиши эканини яхши англаб турибмиз. Тармоқдаги энг катта имкониятлар чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, электроника ва ярим ўтказгичлар соҳасига кириб бориш каби йўналишларда яққол кўринади.

Бугун миснинг экспорт ҳажми катта бўлса-да, унинг 60 фоизигина юқори қийматли тайёр маҳсулотлар кўринишида сотиляпти. Демак, тармоқда юзлаб миллион долларлик қўшимча потенциал ҳали очилмаган ҳолда турибди.

Шу мақсадда мамлакатда қатор қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилмоқда. Махаллий ишлаб чиқарувчилар учун солиқ ва божхона енгилликлари, кредит фоизларининг бир қисми давлат томонидан қопланиши, мисни харид қилишда чегирмалар берилиши эътиборга молик. Бу тармоққа янги қувват, янги имконият, янги бозор эшикларини очяпти. Энди ишлаб чиқарувчи корхона фақат хомашё сотаётган эмас, балки юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқараётган давлат билан рақобатга киришмоқда.

Юртимиздаги саноат платформалари саналган технопарклар бу жараёнда алоҳида ўрин тутади. Ҳудудлардаги махсус электротехника технопарклари ишлаб чиқариш, тадқиқот ва тажриба синовларини бир жойда бирлаштиради. Инновацион экотизим яратмоқда. Бу ерда ҳозирча ўрта даражадаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, кейинги босқичда серверлар, саноат робототехникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, назорат-ўлчов ускуналари, смарт-карталар ва бошқа юқори технологияли товарлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Умуман олганда, бу йўналишдаги 157 та йирик лойиҳа қиймати 2,1 миллиард долларга тенг бўлиб, улар орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилади.

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, ривожланган мамлакатлар электротехника саноати орқали иқтисодий мўъжизага эришганини кўрамиз. Жанубий Корея ўз тараққиётини айнан шу тармоқдан бошлаган. Малайзияда электротехника ва электроника саноати бир неча юз минглаб иш ўрни яратган. Туркия электр маиший техникада Европадаги етакчи таъминотчилардан бирига айланган. Улардаги умумий хусусият хомашё эмас, юқори технологиялар асосидаги саноатга таянишдир. Ўзбекистон ҳам худди шу йўлдан кетмоқда.

Бу жараёнда экспорт инфратузилмаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон стандартлар институтининг Халқаро электротехника комиссиясига тўлиқ аъзо орган сифатида қабул қилиниши миллий сертификатларимиз 53 давлатда тан олинишини таъминлади. Бу экспорт учун мисли кўрилмаган дарвоза очилгани демакдир. Шунингдек, маҳсулотларимизга Европа стандартларига мос “CE” белгиси берилиши ҳам ташкил этилмоқда. Бу эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника товарларининг Европага экспорт ҳажмини камида икки баробар ошириш имконини яратади.

Бир қарашда бу ғоялар катта миллионлар, миллиардлар ҳақидаги оддий ҳисобдек туюлиши мумкин. Лекин бу рақамларнинг ҳар бири орқасида минглаб иш ўринлари, маҳаллий мутахассислар малакаси ошиши, янги касблар, янги технологиялар, фарзандларимиз учун янги имкониятлар ётади. Электротехника саноати ривожланса, ўқувчилар инженер бўлишга интилади, Талабалар инновация билан шуғуллана бошлайди, Тадбиркорлар стартап очади, ҳудудлардаги технопарклар ишлайди, Экспорт сиёсати тубдан янгиланади. Яъни бу тармоқнинг таъсири фақат иқтисод эмас, балки бутун жамиятнинг келажак салоҳиятини белгилайди.

Саноатнинг бу йўналишини ривожлантириш нафақат бизга иқтисодий ўсиш беради, балки мамлакатнинг дунёга интеграциясини ҳам тезлаштиради. Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг электротехника ва электроника марказига айлантириш учун барча асослар бор.

Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси