Туризм салоҳияти юқори 150 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 3-5 миллиард сўмдан берилади

27

Қайд этилганидек, Президентимиз келгуси йил учун вазифаларни белгилаб берди.

Иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш.

Мамлакатимизда энг юқори ўсиш суръатини таъминлаётган соҳа хизматлар соҳаси экани таъкидланди.

Лекин вилоят, туман ҳокимлари хизматлар соҳасига катта суръат бераётган туризмни ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадини кўпайтириш имкониятларини тўлиқ ишга солмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Туризм салоҳияти юқори 150 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланса, хизматлар ҳажмини 10 триллион сўмга етказиш, 45 минг нафар одамни савдо ва сервисда банд қилиш мумкин.

Шу боис, келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 миллиард сўмдан берилади.

Вилоят, туман ҳокимлари, Туризм қўмитасига йил якунигача барча маҳаллалар учун мастер режа қилиш, ер аукционлари ва лойиҳаларни тадбиркорларга эълон қилиб, қурилиш ишларини бошлаш топширилди.

Туман банклари бу жойларда меҳмон уйлари барпо этиш учун 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.

ЎзА